Эрон АҚШдан хавфлироқ ҳужум кутгани маълум бўлди

Эрон расмийларининг шахсий ёзишмалари қўлга киритилди ва бу мамлакат раҳбарлари АҚШ томонидан амалга оширилган зарбаларни кутилаётганидан анча камроқ вайрон қилувчи деб баҳолаганини кўрсатди. Бу ҳақда The Washington Post (WP) газетаси манбаларига таяниб хабар берди.
«АҚШ юқори лавозимдаги эронлик амалдорлар ўртасидаги ёзишмаларни қўлга киритган. Уларда АҚШнинг Эроннинг ядро дастурига қарши уюштирган ҳарбий зарбалари муҳокама қилинган ва ҳужум кутилганидек вайрон қилувчи бўлмагани қайд этилган», — деб ёзади WP.
The Washington Post таъкидлашича, ушбу маълумотлар АҚШ президенти Дональд Трамп тақдим этган тасвирдан фарқли равишда, Яқин Шарқдаги вазият ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Трамп аввалроқ Вашингтоннинг Эрондаги ҳарбий операцияси гўёки мамлакатнинг ядро дастурини «тўлиқ ва бутунлай йўқ қилганини» айтган эди.
Газета қўшимча қилишича, Трамп маъмурияти ёзишмаларнинг мавжудлигини инкор этмаган, бироқ эронликлар чиқарган хулосаларга кескин рози бўлмаган ва уларнинг учта ядро объектига етказилган зарарни баҳолаш қобилиятига шубҳа билан қараган.
2025 йил 22 июнга ўтар кечаси, АҚШ Ҳаво кучлари Эронга зарба берди. Асосий нишонлар — Фордо, Исфаҳон ва Натензда жойлашган учта ядро объекти бўлган. Ҳужумда B-2 Spirit стратегик бомбардимончилари ва бункерга қарши бомбалар қўлланилган.