Эркакларнинг тилла тақиши гуноҳми?

Эркакларнинг тилла тақиши гуноҳми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Кимки дунёда ипак кийса, охиратда киймайди (Бухорий ва Муслим ривояти).

Бу ҳукм барча эркакларга тааллуқли. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: Тилла ва ипак кийиш умматимнинг эркакларига ҳаром, аёлларга эса ҳалол қилинди (Термизий ривояти).

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни тилла ва кумуш идишда ичиш ва ейишдан, ипак ва дийбож(кимхоб) кийиш ва унга ўтиришдан қайтардилар (Бухорий ривояти).

Қайси эркак ипак кийишни ҳалол деб билса, у кофирдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса фақатгина қичима, қўтир ёки бошқа касали бор одамларга ва душман билан олишаётган жангчиларга ипак кийишга рухсат берганлар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: Зубайр ва Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳумо қичима бўлганлари сабабли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ипак кийишга рухсат бердилар (Муттафақун алайҳ).

Бироқ эркакларнинг зийнат учун ипак кийишлари ҳаромлигига мусулмонлар ижмоъқилишган. Таркибининг кўп қисмини ипак ташкил этган кийимлар ҳам ҳаромдир.

Шунингдек, эркакларга тилла буюмлардан фойдаланиш ҳам ҳаромдир. Бинобарин, тилла узук, тилла айил, тилла дастали қилич ишлатиш ҳам мумкин эмас. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг қўлида тилла узукни кўриб, уни ечиб олиб: Сизлардан бир киши дўзахдан бир бўлак чўққа интилади-да, уни қўлига тақиб олади , деганлар (Муслим ривояти).

Зар жиякли, тилла билан оро берилган либосларни кийиш ҳам эркаклар учун ҳаромдир.

Уламолар ёш боланинг тилла ва ипак кийиши жоиз-ножоизлиги хусусида ихтилофқилишган. Бир тоифа уламолар бунга рухсат берган бўлсалар, қолганлари жоиз эмас, деб билганлар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисини ҳужжат қилиб келтирганлар: Бу иккиси (яъни, тилла ва ипак) эркак умматимга ҳаромдир (Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифдаги ҳукм ёш болаларга ҳам тааллуқли. Бу Имом Аҳмад ва бошқа уламоларнинг фикридир.

Аллоҳдан Ўзи суйган ва рози бўлган нарсаларга муваффақ этишини сўрамиз. Албатта, У сахий, марҳаматли зотдир.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!