Эрининг иккинчи аёли борлигини билиб қолди ва...

Эрининг иккинчи аёли борлигини билиб қолди ва...

Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг "Сифатус софва" деган китобларида қуйидаги қиссани келтирадилар. 

Бағдодда кийимлар билан савдо қиладиган бой бир савдогар бор эди. Бир куни дўконига ёшроқ аёл келди, савдогар билан савдолашиб турганда юзи очилиб қолди. Савдогар кўрган заҳоти ҳайратга тушди: “Валлоҳи, лол қолдим!” – деди. 

Ёш аёл айтди: 

“Ўзи мен бирор нарса харид қилмоқчи эмасдим. Анчадан бери бир киши қалбимни ўртайди, унга хотин бўлишни хоҳлайман. Лекин айтишга ҳаё қилиб юрибман”.

“Мен айтишим мумкин унга, ким экан у?” – деди савдогар.

Ёш аёл: “У – сизсиз!” – деди.

Савдогар:

“Мен уйланганман, хотиним амакимнинг қизи бўлади. Бир фарзандим ҳам бор”.

Ёш аёл айтди:

“Менинг уйим ва молу мулким бор, ҳафтада икки бор келиб турсангиз, етади”.

Савдогар рози бўлиб, унга уйланди. Ҳафтада икки кун унинг уйида қоладиган бўлди.

Хотинига: “Баъзи дўстларим илтимос қилди, ўшанинг уйида тонг оттирдик”, деб юрди. 

Савдогар хотини сиқилмасин, деб яна бир аёлга уйланганини айтмаган эди. Ойлар ўтиб савдогарнинг хотини эридан шубҳалана бошлади. Жорияни ишга солди. Эри дўконга кетар экан, ортидан яширинча эрини кузатишни, қаерга борса, изидан боришга буюрди. Жория бекаси айтгандек қилди. Савдогар кун қайтгач, ёш аёлининг уйига борди. Жория уни кузатиб келди ва савдогар кириб кетган уйни кўрди. 

Ўша уйнинг қўшнисидан “Бу уй кимнинг уйи?” – деб сўради. Ёш бир аёлнинг уйи, у яқин ойлар ичида бир савдогарга турмушга чиққани ҳақидаги жавобни олди. Жория келиб, барча кўрган ва эшитганини бекаси айтиб берди. Бекаси жориядан буларни ҳеч кимга айтмаслигини тайинлади. Ўзи ҳам ўзини ҳеч нарсадан хабари йўқдек тутди. Шу ҳолда бир йил ўтиб савдогар вафот этиб қолди ва ўзидан саккиз минг динор мерос қолдирди. 

Савдогарнинг хотини илмли аёл эди. Мерос тақсимини биларди, шунга кўра етти минг динорни ўғлига, минг динорни эса иккига бўлди ва бир қисмини ўзига олди. Иккинчи қисмини халтага солиб жорияга берди ва айтдики: “Буни ўша уйга олиб бор ва унга: “Хожам вафот этди, қолдирган меросидан сизнинг улушингизни бекам бериб юборди деб буни ташлаб кел!”

Жория борди ва ёш аёлнинг уйига кириб, бекаси айтгандек қилди. Ёш аёл йиғлади... Ва айтдики: “Бекангизга мендан салом айтинг ва яна шуни айтингки савдогар мени талоқ қилиб кетганди. Бу меросни олишга менинг ҳаққим йўқ, буни бекангизга қайтариб беринг” – деди. Жория беш юз динор солинган халта билан бекасининг уйига қайтди.

Азиз ўқувчи! 

Билмадим бу икки аёлнинг қай бирининг иши ажиброқ. Биринчининг зукколиги, эрига бўлган ҳурмати, тақвоси, мусибатда турганда ҳам адолатга кўра иш қилишими ёки иккинчисининг мероснинг саккиздан бирига ҳақли бўла туриб, уни олмаганими? Чунки савдогар уни талоқ қилмаган эди. У халтадаги динор уники эди. Аммо у ҳам биринчининг олийжаноблигидан қолишмайдиган бир жўмардлик қилган эди.

Араб тилидан Абдулатиф қори Атаханов таржимаси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!