Эрдўған Мирзиёевни Янги йил билан табриклади

Эрдўған Мирзиёевни Янги йил билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 декабрь куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари кириб келаётган янги 2021 йил муносабати билан бир-бирларини самимий табриклаб, мамлакатларимизнинг биродар халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Президентлар коронавируснинг глобал миқёсда тарқалиши ва жаҳон иқтисодиётига салбий таъсири билан боғлиқ мураккаб шароитда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва кўп қиррали шерикликни изчил ривожлантиришга эришилганини алоҳида таъкидладилар.

Пандемияга қарши курашда кўрсатилган ёрдам ва амалий кўмак учун Туркия томонига алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик натижалари ҳам мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ва транспорт қатновлари сақлаб қолинди, бир йилда Туркия инвесторлари иштирокида 300 та янги корхона ташкил этилди. Икки мамлакатнинг етакчи компаниялари томонидан энергетика, шаҳарсозлик, инфратузилмани модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда устувор йўналишларда амалга оширилаётган институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун Туркиядан малакали эксперт ва маслаҳатчилар жалб қилинган.

Маданий-гуманитар алмашинувлар дастури кенгаймоқда.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг бутун салоҳиятини самарали ишга солиш ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш лозимлигини қайд этдилар.

Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш имконини берадиган Ўзбекистон ва Туркия ўртасида преференцияли савдо келишувини тез фурсатда қабул қилиш муҳим экани таъкидланди. 

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. 2021 йилги икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди, уларга пухта тайёргарлик кўриш бўйича биринчи галдаги чоралар белгилаб олинди.

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!