Ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берилди

Ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида ги Фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Телеграмм ижтимоий тармоғидаги @huquqiy_axborot расмий каналида маълумот берилди.

Фармон билан мамлакатда урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Хусусан, унга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан:

  • юридик шахслар бино ва иншоотлари, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;
  • жисмоний шахслар якка тартибда уй-жой қуриш ва тураржойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;
  • хусусийлаштириш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан амалга оширилади;
  • жисмоний ҳамда юридик шахслар томонидан хусусийлаштирилган ер участкалари хусусий мулк ҳисобланади ва дахлсиздир;
  • хусусийлаштириш фақатгина кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган ҳолда ҳамда Ҳукумат томонидан белгиланадиган миқдорларда пуллик асосда амалга оширилади.

Шунингдек, Фармонга биноан, Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида ги қонун лойиҳаси ва Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилади.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги ҳамда Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Урбанизацияни тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш Агентликнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Йирик шаҳарларга туташ аҳоли пунктлари инвентаризациядан ўтказилади ҳамда амалга оширилган ишлар натижаларига кўра, 2019 йил 1 ноябргача ўрта муддатли даврда йўлдош-шаҳарларга айлантириладиган аҳоли пунктлари рўйхати шакллантирилади.

2019 йил 1 июнга қадар 2020 2025 йилларда комплекс уй-жой қуриш давлат дастурларининг асосий прогноз параметрларини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, Фармон билан Ўзбекистон Республикасида урбанизацияни тартибга солишни таъминлаш бўйича Йўл харитаси ҳам тасдиқланди.

Йўл харитаси доирасида Уй-жой кодекси ҳамда Ер кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Manba: xs.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!