"Ер 10 йилга ижрага берилади, Ўзбекистон бюджети пахтага қараб қолгани йўқ,- Шавкат Мирзиёев

"Ер 10 йилга ижрага берилади, Ўзбекистон бюджети пахтага қараб қолгани йўқ,- Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев:"Ер 10 йилга ижрага берилади, Ўзбекистон бюджети пахтага қараб қолгани йўқ. Мис, газни қўшимча қиймат билан ишлаб чиқаряпмиз. Бу қўшимча пуллар дегани"
Самарқандда бошқа турдаги хизматларни ривожлантириш орқали, 60 мингта янги иш ўринлари яратилади. Самарқанд шаҳрида 17 та, Каттақўрғон шаҳрида 8 та йирик савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари барпо этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев самарқандлик сайловчилар билан учрашув давомида маълум қилди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Булунғур, Жомбой, Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи ва Оқдарё туманларидан ўтувчи автомагистрал йўлнинг икки тарафида йўл бўйида, қарийб 1 трлн сўмлик 500 та лойиҳа доирасида мингдан зиёд сервис обектлари ишга туширилади ва 5 мингта иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, 17 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига очиқ танлов асосида, 1 гектаргача ер узоқ муддатли ижарага берилади ва 54 минг аҳоли бандлиги таъминланади.

Бундан ташқари, қўшимча 30 минг гектар янги ер майдони ўзлаштирилиб, мева-сабзавот, доривор ва озуқа экинларини етиштириш учун танлов асосида ажратилади. Бунда, электр тортиш ва қудуқ қазиш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

"Паяриқ, Қўшработ, Иштихон, Нарпай, Булунғур ва Ургут туманларининг лалми ерларида 19 минг гектар интенсив боғ ва 18 минг гектар токзор барпо этиш орқали, қўшимча 40 минг иш ўринлари яратилади.
Мисол учун, Иштихонда 100 гектар майдонда токзорлар “тайёр ҳолда” аҳолига 7 йил муддатга лизинг асосида берилади. Бунда, янги боғ ва токзорлар учун ер солиғини тўлашдаги имтиёзли давр 3 йилдан 5 йилга узайтирилади.

Бандлик жамғармасидан 50 миллиард сўм ажратиб, 5 мингдан зиёд аҳоли томорқасида енгил конструкцияли иссиқхоналар қурилади. Шунингдек, мева-сабзавотни қайта ишлаш кластери фаолияти йўлга қўйилади.

Нуробод, Қўшработ ва Каттақўрғонда 18 минг гектар лалми ер майдонлари ўзлаштирилиб, қўй ва эчкичилик кластерлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, камида 500 бош қорамол бўлган 48 та йирик чорвачилик комплекслари ишга туширилади ва янги ўзлаштириладиган 2,4 минг гектар озуқа учун ажратилади.

Тойлоқ, Самарқанд, Оқдарё, Каттақўрғон ва Нурободда паррандачилик кластерлари ташкил этилиб, 50 минг тонна парранда гўшти етиштирилади.

Доривор ўсимликларни етиштириш мақсадида, Қўшработ, Нуробод, Паяриқ, Иштихон ва Ургутда заъфарон ва лаванда плантациялари ташкил этилади.

Ирригация соҳасида 145 млн доллар ҳисобига, 69 та насос стансияси модернизация қилинади ва 48 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади.

Шу билан бирга, “Булунғур” сув омборида қурилиш ишлари якунланиб, Булунғур, Паяриқ ва Жомбой туманларида 36 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади.

Умуман олганда, келгуси беш йилда Самарқанд вилоятини ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 41 трлн сўм йўналтирилади", деди Шавкат Мирзиёев учрашув давомида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!