Энг зўр байрам (ҳикоя)

Энг зўр байрам (ҳикоя)

Муаттар ўқитувчилар хонасидан бўшашиб чиқди. Узун йўлак бўйлаб шошиб бораркан, ўқувчиларининг берган саломига ҳам тезда бош ирғаб алик оларди. У биринчи қаватга тушиб, қизи ўқийдиган синф хонаси олдида бир-бирининг портфелини елкасига осишга ёрдам бераётган болалардан:

— Ҳилола ҳали кетмадими? — деб сўради ва жавобни ҳам кутмай синф хонасига бош суқди. Хонада Ҳилоланинг бир ўзи шошилмай нарсаларини сумкасига жойларди.

— Ҳа, қизим, ҳали кетмадингми? Тезроқ ҳаракат қилмайсанми, ташқарида аканг кутиб қолгандир, — дея унга ёрдамлашган бўлди. Ҳилола ойисига қараб турдида, ўзини тутолмай:

— Ойи, мен яна «3» баҳо олдим, рус тилидан, — деб пиқиллади.

— Эшитдим, ҳозиргина рус тили устозинг айтди. Менга қара, кеча ярим кечагача шеър ёдладик, наҳот шуни айтиб бериш қийин-а. Тавба, кеча бинойидек айтаётгандингку…

— Эсимдан чиқиб қолди, — дея хўрсинди Ҳилола, — Лобар яна беш олди, мени масхара қилди.

— Масхара қиладида, битта фандан бир ҳафтада иккита уч! Лобардан қаеринг кам, ҳаракат қил!

— Ойи, у рус боғчага борган...

— Майли, қолган гапни уйда гаплашамиз, тезроқ борақол. Акангга айт, йўлдан нон олинглар, — дея дарсига шошилди.

Дарслари тугаб, кенжатойини боғчадан олгани кирди. Ичкарига кириши билан, кичкинтойлар:

— Мустафо, сенга келишди, — деб бир-бирига навбат бермай ўртоғини чақиришди. Ёнига югуриб келган ўғлини бағрига босиб:

— Кийиниб тур, ҳозир боғча опангда ишим бор, — дедида, иш столида ёзув-чизув билан банд Гулмира опа билан сўрашиб, — Гулмира опа, Мустафони катта гуруҳга ўтказаман дегандингиз. Шу... Рус гуруҳга ёза қолинг, — деди.

Гулмира опа ёзув-чизувдан бир зум тўхтаб:

— Ўзбек синфга бераман дегандингизку, — деб, ишида яна давом этди.

— Ҳа, ўзбек синфга бераман, аммо рус тилидан қийналмасин дейманда катталаримга ўхшаб, — деди.

…Мустафо рус гуруҳига бораётганига ҳам салкам бир йил бўлай деб қолди. Негадир боғчада ўтказиладиган эрталиклару тадбирлар унга қизиқмасдай, боғча опаси берган шеърларни ҳам ёдлашга тоқати йўқ. Байрам бўлса йиғи-сиғи билан аранг тўрт қатор шеърни ёдлайдию, саҳнада бир амаллаб ғўлдираб, жойига ўтиради. Шунинг учунми, тарбиячиси ҳам байрам тадбирларида унга номигагина нимадир бериб қўйишини Муаттар пайқайди, аммо боланинг ўзида ҳам хоҳиш йўқлиги боис индамай қўя қолади. Ҳатто бир сафар Янги йил байрами арафасидаги эрталикда Қорбобо ва эртак қаҳрамонларининг чиқишларидан ҳам завқланмади. Топишмоқ ва саволларга жавоб бериб совға олаётган дўстларига шунчаки қараб ўтирди. Афтидан, у хато гапириб қўйиб изза бўлишдан чўчиб қолганга ўхшайди.

Муаттар ўзи ўқитувчи бўлгани боисми болаларининг ўқишига жиддий эътибор бериш билан бирга, уларга нисбатан жуда ҳам талабчан эди. Баъзан ҳаддан ошиқ талабчанлиги болаларининг омма олдида ўзини эркин тутишига тўсқинлик қилмаяптимикан деб ўйлаб қоларди.

Кузнинг ўрталари. Муаттар дарслари тугаб, боғчага ошиқди. Ҳали кечки овқатни ҳам солмагани учунми, текшириш учун назорат иши дафтарларини уйга олиб кетаётгани учунми, ўғлини етаклаб тушкун кайфиятда кетиб борарди. Йўлда Мустафо шимининг чўнтагидан қоғоз чиқариб:

— Мана, боғча опам яна шеър берди, — деди хўрсиниб.

— Оббо, шу етмай турувди ўзи, яна ярим кечагача овора эканмизда. Бўпти, чўнтагингга солиб қўй, — деб, болани қўлидан тортқилаб қадамини тезлатди.

Идиш-товоқларни саранжомлаб, энди дафтар текширишга ўтирай деганда Мустафо кириб:

— Ойи, шеърни эртага сўрарканлар, — деди норози қиёфада тағин бояги қоғозни узатиб.

— Келчи қани, қанақа шеър экан, — деб овоз чиқариб ўқиди аёл.

“Она тилим, онажоним тили бу...”

— Ўзбекчами!? — Мустафо кўзларини ҳайратдан катта-катта очиб, қувониб кетди.

Муаттар нонушта пайти турмуш ўртоғига бугун ишдан кечроқ қайтишини, дарсдан сўнг тадбири борлигини айтиб, Мустафони боғчадан болалар олишини тайинлади.

Индамай чой ичиб ўтирган ўғли:

— Байрамимга бормайсизми? — деди. Муаттар:

— Албатта, бораман, бугун дарсларим тушдан кейин. Бўлақол, чойингни ич, кеч қоласан, — дея ўғлини шоширди.

Боғчада ўтказиладиган эрталиклар, айниқса, бола тарбияси билан машғул уй бекаларига қизиқ. Фаоллар зали ёш оналар ва бувилар билан тўлган. Кимдир тасвирга олиш учун телефонини созлаган, яна кимдир қўлидаги ёш боласини "жим ўтир, ҳозир аканг чиқади" дея тинчлантиришга уринган.

Ниҳоят, мусиқа садолари остида жажжи болажонлар кўринди. Ўғил болалар тўй боладек зарчопонлар кийишган, олтинсоч қизалоқлар эса ўзларига ярашиб турган дўппию атлас кўйлакларига маҳлиё эдилар. Она тилини мадҳ этувчи бир-биридан ажойиб қўшиқ ва саҳна кўринишлар русийзабон жажжи болажонлар ижросида яна ҳам жозибали эди. Мустафо кўзлари ёниб дўстларини томоша қиларкан, боғча опасининг ўзини саҳнага чорлаётганини эшитиб, деярли отилиб чиқди ва баланд, жўшқин овозда:

Она тилим, онажоним тили бу
Бешикданоқ сингган жону қулоққа,
Элу юртим, хонумоним тили бу
Қадимликдан ўхшар она тупроққа!

Шеърни якунлаши ҳамон тарбиячи ҳайратда, беихтиёр қарсак чалиб юборди. Муаттар ўғлининг шеърни бу қадар тўлқинланиб, ифодали ўқишини кутмагани боис у ҳам эсанкираб бошқалар қатори қарсакка жўр бўлди.

Тадбир якунлангач, болакай кийимларини алмаштиришга ёрдамлашаётган онасига қараб:

— Ойижон, бугун уйда ҳам байрамни нишонлаймизми? Торт ҳам олиб келамиз-а? Бу энг зўр байрам экан-а? — деди юзлари яшнаб.

Муаттар бир зум ўғлига тикилиб қолди, сўнг жилмайиб унинг лўппи юзларидан ўпиб:

— Тўғри айтасан, болам, бу энг зўр байрам! — деди.

Маҳбуба Тошева, Тошкент шаҳри.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!