"Энг ёш китобхон" танловидаги нохолислик: нега айнан тошкентлик қизга 100 балл берилди?

"Энг ёш китобхон" танловидаги нохолислик: нега айнан тошкентлик қизга 100 балл берилди?

Зиё, маърифатга интилиш ўзликни англаш сари қўйилган қадамдир. Бу мунавварлик мамлакат эртаси, халқнинг тақдирида ўзини намоён этаётганидан қувонасан киши.

Президентимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги фармойишидан сўнг кўплаб тадбирлар, танловлар ташкил этилмоқдаки, бундай маънавий-маърифий тадбирларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири, шубҳасиз, Энг ёш китобхон кўрик-танловидир. Танлов тафсилотлари Ёшлар телеканали орқали намойиш этилди. Унда ҳакамларнинг ўзаро фикр алмашиши, иштирокчиларнинг кутиш хонасидаги ҳаяжонлари эфирга узатилиши, бошловчи қизнинг китобхонларга далда берувчи сўзлари адолат таъминланишига хизмат қилди, деб ўйлайман.

Энг кучли китобхонни аниқлаш томошабин учун ҳам осон кечгани йўқ. Кимдир билими бўлатуриб фикрини ифодалаб беролмаса, кимдир сўзга усталиги, нотиқлик маҳорати устунлиги билан ғалаба қозонди. Бири жуда кўп китоб ўқигану ўқиганларини уқа олмаган бўлса, бошқаси вақтдан унумли фойдалана олмади. Айрим иштирокчилар ўқиганларидан хулоса чиқара олди, фикрини чиройли тақдим қилди.

Ёшлар китобхонлик борасида ғолиблик учун баҳслашганидан қувондим. Чунки, танлов баҳона миллионлаб ёшлар қўлига китоб олди, хонадонларга китоб кириб борди, китобхонлар баҳонасида ўқитувчилар, ота-оналар, ҳатто бобо-бувилар ҳам излангани жуда-жуда улуғ иш бўлди.

Шу ўринда танлов хусусида айрим мулоҳазаларимни билдиришни лозим топдим. Зеро, оддий томошабиннинг фикрларини инобатга олиш келгусида танлов нуфузини янада оширади, деб ўйлайман.

20-30 ёшлилар ўртасида бўлиб ўтган танловда Завқий тўғрисидаги маълумотларни тақдим этган китобхон шоир ҳақида мактаб адабиёт дарслигида ўқиганларини баён қилди. Ҳакамлар ҳайъати раиси, таниқли адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев бу маълумотларнинг нотўғри экани, бу фактлар Фурқат билан адаштириб юборилганини айтди. Шунда китобхон бу маълумотлар ишончли манба адабиёт китобидан олинганини баён этса ҳам унинг фикри инобатга олинмади. Мен қизиқиб, адабиёт дарслигида ҳақиқатдан ҳам Завқийнинг қўлёзмалари Хитойда яшаётган авлодлари қўлида экани ҳақидаги маълумотларга дуч келдим. Ҳакамнинг Сиз энциклопедияни ўқишингиз керак эди дейиши, адабиёт дарслигидаги маълумотлар нотўғри эканини айтиши тўғрими? Ахир мактаб дарсликлари энг ишончли манба эмасми? Бундан чиқди фарзандларимизга адабиёт дарсликларида нотўғри маълумотлар етказилаётган экан-да?!

Тўғри, Фурқатнинг авлодлари ҳам Хитойда яшаётган бўлиши мумкин, лекин Завқий ҳақидаги маълумотлар ҳам нотўғри эмасди. Айнан худди шу китобхон бошловчи қизга кейинги йил бу танловда иштирок этмаслигини айтгани ҳам бежиз эмас. Бундан ташқари, китобхонларни ҳакамлар ҳайъати раисининг салобати шу қадар босдики, мени кечирасизлар-у, ҳар бир фикрга жиддий қиёфада бошини қимирлатиб туриш уларни эсанкиратиб қўйди. Ахир, чекка бир қишлоқда яшаб, пойтахтга катта орзулар билан келган, ҳали катта давраларни кўрмаган китобхонни жиддий қиёфадаги адабиётшунос олим, машҳур ёзувчи, таржимоннинг салобати босмайди, деб ўйлайсизми? Китобхонларнинг сўздан адашгани, фикрини жамлай олмагани, ҳатто йиғлаб юборгани ҳам ҳакамларнинг номутаносиб муносабати туфайли бўлди фикримча. Очиғини айтганда, ҳакамлар ҳайъатида озгина самимийлик етишмади.

Кейин пойтахт вакиласига энг охирги шартда 100 балл қўйилиши ҳам адолатдан, деб бўлмайди. Нима учун бундай саховат айнан пойтахтлик қизга кўрсатилди? Ваҳоланки, унинг тақдим этган маълумотлари тахминий эди. Шеър Усмон Азимдан бўлса керак , деди. Ва берилган вақтдан бир дақиқа ортиб қолди, шеърий мисрани 100 баллга лойиқ шарҳлаб бера олмади-ку Иккинчи ўринни олган китобхоннинг билими, сўзамоллиги, шеърни шарҳлаши биринчи ўринни олган китобхондан анча дуруст эди.

Мен 74 ёшдаман. Олий тоифали математика ўқитувчиси меҳнат фахрийсиман. Танловда қатнашган биронта китобхонни яқиндан танимайман, кимнидир ҳимоя қилиш фикридан ҳам йироқман. Фақат жуда китобсевар бўлганман. Ҳозир ҳам бу иштиёқ сўнгани йўқ.

Фақат кейинги танловларда ташкилотчилар, ҳакамлар энг ёш китобхонни аниқлашда ана шу жиҳатларни эътиборга олиши керак, деб ўйлайман.

Латифжон Ҳакимов,

меҳнат фахрийси.​

Manba: ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!