Энг кўп қотиллик Тошкентда, оғир шикаст етказиш Қашқадарёда, босқинчилик Сирдарёда, номусга тегиш эса...

Энг кўп қотиллик Тошкентда, оғир шикаст етказиш Қашқадарёда, босқинчилик Сирдарёда, номусга тегиш эса...

22 февраль куни Бош прокуратурада Жиноятчиликка қарши кураш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда мамлакатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигига доир масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, Олий суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек соҳага алоқадор бошқа вазирлик ва идоралар раҳбар ҳамда масъул ходимлари иштирок этишди.

Жойлардан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман-шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, прокурорлари, ички ишлар органлари бошлиқлари, соҳага алоқадор вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари қатнашишди.

Кенгаш йиғилишида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.

Бош прокурорнинг таъкидлашича, амалга оширилган ишлар натижасида 2019 йилда умумий жиноятлар қарийб 3 мингтага ёки 6 фоизга камайиб, юртимизда криминоген вазият барқарорлиги сақланди. Мавжуд 9 116 та маҳалладан 3 074 таси ёки ҳар учинчисида жиноят қайд этилмади.

“Лекин ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш фаолиятида кузатилаётган айрим камчилик ва нуқсонлар соҳадаги ислоҳотларга соя солмоқда”, деди Ниғматилла Йўлдошев.

Шу сабабли ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш, жиноятларни барвақт олдини олиш, жиноятларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш, тезкор-қидирув ва тергов фаолиятидаги тизимли камчиликлар йиғилишда танқидий муҳокама этилди.

Унга кўра, 2019 йилда жиноятлар сони Бухоро, Сирдарё, Навоий, Тошкент вилоятлари  ва Тошкент шаҳрида юқорилигича қолган.

Қотиллик жинояти Тошкент, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида, оғир шикаст етказиш Қашқадарёда, номусга тегиш Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий ва Қашқадарёда, босқинчилик Сирдарё, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида сезиларли ошган.

Профилактик тадбирлар етарли даражада олиб борилмаганлиги оқибатида 51 та туман ва шаҳарларда қотиллик жинояти кўпайган.

Йиғилишда қотиллик жинояти аксарият ҳолларда оила - турмуш ва оддий маиший муносабатлар замирида келиб чиққанлиги, қариндош уруғлар ёки қўни-қўшнилар ўртасидаги низо ва келишмовчиликлар тўлиқ бартараф этилмаётганлиги, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Ушбу жиноятларнинг 28 фоизи эр-хотин, ака-ука, ота-ўғиллар ўртасида юз берган.

Мисол учун, Избоскан туманида бирон жойда ишламайдиган, ичкиликка ружу қўйган К. уйида маст ҳолда ногирон отаси ва онаси билан жанжаллашиб, уларни шафқатсизларча ўлдирган.

Самарқанд шаҳрида Ю. эса отаси маст ҳолда унинг ўғлини сўкканлиги учун уни арзимаган жанжал оқибатида пичоқлаб, ўлдирган.

Илгари судланган шахслар томонидан ва маст ҳолда жиноят содир этилишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар талабга жавоб бермаслиги танқид остига олинди.

Фарғона ва Тошкент вилоятларида илгари судланган шахслар томонидан, Навоий, Тошкент ва Фарғона вилоятларида маст ҳолда жиноят содир этиш ҳолатлари кўпайган.

Мисол учун, Юнусобод туманида маъмурий назоратда бўлган К. спиртли ичимликка ружу қўйиб, 4 ёшли қизини 4-қаватдан пастга ташлаб юбориб, қотиликка қўл урган.

Кун тартибидаги масала юзасидан тегишли орган мутасаддиларининг тушунтириш ва изоҳлари эшитилди.

Аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш бўйича фаолиятдаги мавжуд хато ва нуқсонларни ўз вақтида бартараф этиш, Давлатимиз раҳбари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига қўйилган вазифаларни тўғри ва самарали рўёбга чиқариш бўйича аниқ тадбирлар белгиланди.

Йиғилиш якуни бўйича тадбирларни амалга оширишга қаратилган қарор қабул қилинди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!