«Энг ачинарлиси, аёлларни хўрлаш ва омма олдида сазойи қилиш оддий ҳолатга айланиб бормоқда» – Шавкат Мирзиёев

«Энг ачинарлиси, аёлларни хўрлаш ва омма олдида сазойи қилиш оддий ҳолатга айланиб бормоқда» – Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари қишлоқ жойларида, олис ва чекка ҳудудларда яшаётган хотин-қизларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати талаб даражасида эмаслигини танқид қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Йиғилишда маълум қилинишича, Ўзбекистонда ҳар йили 3,5 мингдан зиёд аёллар кўкрак бези саратони, 1,5 мингга яқини аёллар касалликларидан вафот этмоқда.

«Бундан ташқари, оиладаги келишмовчиликлар сабабли ажримлар сони ҳам (2020 йили 28 мингдан зиёд) юқорилигича қолмоқда. Қашқадарёда – 2 минг, Хоразмда – 1,1 минг, биргина Ромитан туманида – 110 та ажрим қайд этилган. Эр-хотин ўртасидаги доимий жанжал, хиёнат, куч ишлатиш ва миграция ажримларнинг 70 фоизига сабаб бўлмоқда.

Энг ачинарлиси, аёлларни хўрлаш, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ҳамда омма олдида сазойи қилиш ҳолатлари оддий ҳолга айланиб бормоқда. 2020 йили 15 мингга яқин хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган.

Шу билан бирга, ўтган йилларда 480 мингга яқин хотин-қизлар узоқ муддатга хорижга ишлаш учун кетган бўлиб, ҳозирда уларнинг фарзандларига оид маълумотлар ҳеч қайси идорада мавжуд эмас. Бу борада васийлик ва ҳомийлик органларининг маҳалла, мактаб ва боғчалар билан ҳамкорлиги мутлақо талабга жавоб бермайди», – деди давлат раҳбари.

Бундан аввал Шавкат Мирзиёев аёлларнинг ишлашини тақиқлайдиган эркаклар ҳақида фикр билдирган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!