Эндиликда оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди

Эндиликда оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди

14 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлисида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди ва у 2020 йилнинг 1 январидан кучга киради. Бу ҳақда «Дарё»га журналист Жонибек Маърупов хабар берди.

Сенатор Иқболжон Мирзаалиевнинг сўзларига кўра, 2020 йилдан эътиборан оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, ушбу ҳужжатга кўра мутасадди вазирлик ва идоралар зиммасига тўй ва бошқа маросимларни ихчам ўтказишни таъминлаш масъулияти юкланади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси оилавий тадбирларни миллий қадриятларга мос тарзда ихчам ва камхарж ўтказишга эришиш учун санъаткорлар томонидан концерт-томоша хизматлари кўрсатилишини тартибга солиш чораларини кўриши белгиланган.

Оилавий тадбирларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади. Оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.

Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, «Нуроний» жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида оилавий тадбирлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича масъул ҳисобланади.

Маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва ФҲДЁ органлари оилавий тадбирларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилиши устидан таъсирчан назоратни амалга оширади.

Ички ишлар органлари оилавий тадбирларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари талабларига тўйхона, кафе ва ресторанларда риоя этилишини назорат қилади ҳамда ушбу талаблар бузилганлиги аниқланган ҳолатда тегишли шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўради.

Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган оилавий тадбирлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши лозим.

Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар, бошқа жамоат ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлар ўз ваколатлари доирасида ушбу Низомга амал қилинмаган ҳолатлар юзасидан тегишли жазо чораларини кўриш учун ваколатли органларга таклифлар киритади.

«Ўзи аслида тўйдан мақсад янги оила қурилгани ҳақида яқинларга маълум қилишдан иборат. Тўй бу соғлом ҳаётга қўйилган қадам, кичик ватан қурилгани ҳақида маълумот. Яқинлар дийдорига тўйиш, деган маънода ҳам қўлланади, албатта. Лекин бугунги исрофгарчиликлар, кўр-кўрона дабдабалар жондан тўйдириш даражасига бориб етяпти», – деб қўшимча қилмоқда сенатор Иқболжон Мирзаалиев.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!