Энди уйда деҳқончилик билан шуғулланадиганларга ҳам иш стажи ёзилади

Энди уйда деҳқончилик билан шуғулланадиганларга ҳам иш стажи ёзилади

Ўзбекистон Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ, фуқароларнинг келгусида пенсия таъминотини кафолатлаш мақсадида ҳамда уларни ижтимоий суғурта тизимида иштирокини рағбатлантириш юзасидан ихтиёрий бадалларни тўлаш бўйича тушунтиришлар олиб борилмоқда.

"Qalampir" нашрига кўра, деҳқончилик билан шуғулланадиган ўзбекистонликларга ҳам иш стажи ёзилиши мумкин.

2018 йил 1 июлдан бошлаб ер майдони 4 сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқасида банд бўлган, қорамол боқиш ёхуд ушбу участкада 50 бошдан кам бўлмаган уй паррандаси парвариши билан шуғулланаётган шахслар, Молия Вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига бир йил учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида ихтиёрий бадалларини тўлаган тақдирда, тўланган йил учун бир йиллик меҳнат стажига эга бўлади.

Бунинг учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган шахсий ёрдамчи хўжалигида қорамол мавжудлиги ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан бандлиги тўғрисида маълумотнома олинади.

Хорижда ишлаётганлар пенсиядаги ўзгаришлардан хабардорми?

2018 йил 1 августдан бошлаб хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар томонидан энг кам иш ҳақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик ихиёрий бадалларини тўлаганида тўлов амалга оширилган даврни меҳнат стажига ҳисоблаш тартиби жорий этилган.

Хорижда бўлганлик даври меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтишга доир паспортдаги ёзувлар (муҳр, штамп ёки қайднома) билан тасдиқланади.

Хорижда ёлланиб ишлаётган шахс томонидан бадалларни тўлаш ҳар ойда, ҳар чоракда, Ўзбекистон Республикасига қайтиб келгандан сўнг, келган кундан бошлаб уч ой мобайнида бир вақтнинг ўзида амалга оширилиши мумкин.

Пенсия жамғармасининг бадал миқдори мустақил равишда, аммо бир йилда энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт ярим бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Ихтиёрий бадаллар хорижда ёлланиб ишлаётган шахс, унинг оила аъзолари ёки ишончли вакилининг доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати идораларига хизмат кўрсатувчи банкларда очилган Пенсия жамғармасининг транзит ҳисобрақамига миллий валютада келиб тушади.

Тўловчи учун шахсий карточкаларни очиш ва бадалларнинг ҳисобини юритиш унинг доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизматлари органларида амалга оширилади.

Иш стажи ёзиш ва пенсия ҳисоблашда муаммолар бўлмайдими?

Бу борадаги янгиликларни ҳали кўпчилик тўла англаб етгани йўқ. Фуқароларда турли шубҳалар ҳам бўлиши мумкин. Аслида аҳолининг шубҳаси, чўчиши ўринлими?

Хорижда ёлланиб ишлаётган шахс, деҳқон хўжалиги аъзоси томонидан Пенсия жамғармасига тўланган ихтиёрий бадалларнинг ҳисоби кафолатланган ҳолда давлат солиқ идораларининг ахборот ресурс базасида юритилади ҳамда пенсия тайинлаш даври келганда, автоматлаштирилган тарзда Пенсия жамғармасининг маълумотлар базаси билан боғланади. Бу жараён, фуқароларга қўшимча хужжатларни йиғиш билан боғлиқ бўлган оворагарчиликларнинг олдини олади. 

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!