Энди уй-жой бузилганда бадал фақат мулкдорга тўланади

Энди уй-жой бузилганда бадал фақат мулкдорга тўланади

Эндиликда ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан уйи (квартираси) бузилиши лозим бўлган фуқароларни турар жой билан таъминлаш фақатгина мулкдорга тааллуқли бўлади. Бу президент 11 октябрда имзо чекиб, 12 октябрда кучга кирган Ўзбекистон Уй-жой кодексига киритилган тузатишлашда ўз аксини топган.

Бунга қадар компенсация уй-жой мулкдори ҳамда уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга ҳам тааллуқли эди.

Эслатиб ўтамиз, компенсация уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади.

Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда, бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим, берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда эса, бу фарқ уй-жой берилган ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқ берилган пайтдан эътиборан беш йил ичида мулкдор томонидан компенсация қилиниши лозим.

Бунда ер участкасини ўзлаштириш даврига уч йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилиб, бузилаётган уйларнинг (квартираларнинг), иморатларнинг, иншоотларнинг ва кўчириб ташланган дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бозор қийматлари ўртасидаги фарқлар тўлиқ ҳажмда қопланади.

2019 йил 1 январдан Уй-жой кодекси 32-моддасининг қуйидаги янги таҳрири ҳам кучга киради:

«Хусусийлаштирилган квартирани ёки уйни сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш ёки ижарага, арендага бериш квартира ёки уй мулкдорининг вояга етган оила аъзоларининг ва квартирани ёки уйни хусусийлаштириш учун розилик берган шахсларнинг розилиги билан амалга оширилади. Уй-жойни хусусийлаштиришга розилик берган шахснинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи унинг вафотидан кейин очиладиган мерос таркибига кирмайди. Хусусийлаштирилган уй-жой мулкдорининг вояга етмаган оила аъзолари манфаатларини уларнинг ота-онаси, улар бўлмаган тақдирда эса васийлик ва ҳомийлик органлари ифодалайди».

Manba: sof. uz

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!