Энди қиз ўғрилари ўн йилгача қамалади

Энди қиз ўғрилари ўн йилгача қамалади

Қирғизистонда қиз ўғирлаш учун жазо чораларини янада кучайтиришди. Энди қиз ўғрилари 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Бу ҳақида Дунё аёллар банки ноҳукумат ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Гулсан Абитова хабар бериб ўтган.

Бундан ташқари қонунбузарлар 200 минг сом (уч минг доллардан кўпроқ) жаримага ҳам тортилади. Абитованинг таъкидлашича, гарчи бундай одатга қарши кураш чоралари аввал ҳам кучайтирилган бўлса-да, охирги йилларда Қирғизистонда вазият у қадар ўзгармаган. Мамлакатда оила қуриш мақсадида қизларни ўғрилаб кетиш одати ҳамон давом этяпти. Ҳатто шундай ўғриликдан сўнг қизларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам учраган.

Қирғизистонда кўп ҳолларда қиз ўғрилаш жинояти содир этилганини жабрланувчи томон маълум этмайди. Ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, мамлакатда ҳар куни 30 дан ортиқ вояга етмаган қизларни уйланиш мақсадида ўғрилаш жиноятлари содир этилади. Ҳар бешта никоҳнинг биттаси эса айнан шу йўл билан амалга оширилади. Келин бўлмишларнинг учдан икки қисми ўз хоҳишига қарши никоҳга киришади.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда охирги марта 2013 йилда қиз ўғрилашга қарши жазо чоралари кучайтирилган эди. Ўшанда жиноят учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши кўзда тутилган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!