Энди маҳкумларга ҳам пенсия тўлаш режалаштирилмоқда

Энди маҳкумларга ҳам пенсия тўлаш режалаштирилмоқда

Жорий йилнинг 24 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Жиноят-ижроия қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Унда депутатлар, тегишли вазирлик ва идораларнинг ходимлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъеки томонидан Қонунчилик палатасига киритилган мазкур қонун лойиҳаси манзил-колонияларида жазони ўтаётган озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тўлашни назарда тутади.

Мазкур ҳужжат Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан чуқур ўрганиб чиқилди.

Муҳокама жараёнида депутатлар томонидан нафақат манзил-колонияларидаги, балки барча жазони ижро этиш муассасаларида жазосини ўтаётган пенсионер шахсларга пенсия тўлаш тартибини жорий этиш масаласини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди. Уларнинг фикрича, Конституцияга мувофиқ, ҳар ким учун ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонун лойиҳасининг амалдаги таҳрири жазони ўтаётган шахсларнинг пенсия олишга доир ҳуқуқларининг тўлиқ таъминланмаётгани қайд этилди.

Бугунги кунда озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган пенсия ёшидаги шахсларнинг умумий сони қарийб 1000 нафарни ташкил этади. Ушбу шахсларга пeнсия таъминотининг тўхтатиб қўйилиши, уларнинг қарамоғида бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга ҳам таъсир қилади. Шу сабабли, жазони ўтаётган шахсларнинг пенсиясини ишончнома асосида учинчи шахслар томонидан олиш тартибини ҳам кўриб чиқиш таклиф этилди.

Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, Испания, Чeхия, Норвeгия, Франция, Португалия, Гeрмания, Грeция, Нидeрландия, Швeция, Россия, Украина, Бeларусь каби давлатларда маҳкумларга ёшга доир, ногиронлик ва бошқа ҳуқуқий асослар бўйича пенсия тўловини амалга ошириш тартиби белгиланган. Шу билан бирга, Бeларусь, Россия ва Eвропа Иттифоқи мамлакатларида жазони ижро этиш муассасаларидаги ойлик харажатларни (озиқ-овқат, кийим-кeчак, пойабзал ва ҳоказо) қоплаш учун жазони ўтаётган пeнсионeрнинг пенсиясининг бир қисми (пeнсиянинг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда) ҳисобидан қоплаш амалиёти мавжудлиги қайд этиб ўтилди.

Муҳокама давомида барча жазони ижро этиш муассасаларида жазосини ўтаётган пенсионер шахсларнинг ижтимоий таъминотини янада такомиллаштириш, бу масалани қонун лойиҳасида аниқ белгилаш мақсадида қонун ташаббуси субъектига тегишли таклифлар берилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!