Энди дориларни дорихоналардан ташқарида реализация қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади

Энди дориларни дорихоналардан ташқарида реализация қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 сентябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 27 сентябрда маъқулланган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 186(3)-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«186(3)-модда. Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш

Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –

энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) кўп миқдорда;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
г) мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса;
д) баданга ўртача оғир ёхуд оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса;
е) дори воситалари ёки тиббий буюмларнинг сифати ва давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан содир этилган бўлса, –

беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса;
в) одам ўлишига сабаб бўлса, –

саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) одамлар ўлимига сабаб бўлса;
б) бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, –

ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

Manba: kun. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!