Энди бу иш билан МИБ шуғулланади

Энди бу иш билан МИБ шуғулланади

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар” дейилган. Қолаверса, эндиликда юртимизга кўплаб хорижий сайёҳларни таклиф қилаётган эканмиз, шунга яраша шаҳарларимиз, маҳалла ва хонадонларимизни тоза, озода ва обод қилишимиз даркор.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларнинг 60 фоизи ҳар ойда, 40 фоизи 6 ойдан 1 йилгача бўлган муддатда амалга оширилмоқда. Демак, бундан кўринадики, фуқароларимизда тўлов маданияти тўлиқ шаклланмаган.

Мажбурий ижро бюросининг Жиззах вилояти бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, “Тоза ҳудуд”, мутасадди ташкилотлар, маҳалла ва жамоатчилик фаоллари ҳам иштирок этишди.

Тадбирда, “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан амалга оширилаётган ишлар натижаси қисқа вақтда кўрина бошлаганлиги, чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилаётганлиги, турли корхона-ташкилот ва муассаса ҳовлилари “тасодифий чиқиндихоналар”дан тозаланаётганлиги қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2019 йилнинг 1 январидан эътиборан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловлар тўланишини таъминлаш вазифаси билан энди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси шуғулланиши ҳақида таъкидланди.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар аҳоли томонидан тўлов амалга оширилган ўтган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи санасидан кечикмай ягона транзит банк ҳисобварақларига тўланиши айтиб ўтилди.

Дарҳақиқат, соҳада йиғилиб қолган муаммолар аҳолининг сифатли санитар тозалаш хизматлари билан таъминлаш имконини бермади.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йил 22 ноябрь куни “Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши эса бу каби муаммоларни ҳал этишда муҳим дастуриламал бўлади.

Бу каби тадбирлар Бюронинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ҳам ташкил этиб келинмоқда.

Жумладан, Олмалиқ шаҳрида “Тоза ҳудуд” ДУК шаҳар филиали масъул ходимлари билан ҳамкорликда “Рамазон”, “А.Яссавий” хамда “Бўстон” маҳаллаларида бўлиб ўтган учрашувда иштирокчиларга фармон мазмун-моҳияти етказилиб, маҳалла аҳлига табиат ва унинг саховатини қадрлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, бу эса ўз навбатида, келажак авлодга обод Ватан, мусаффо табиат, ноёб табиий бойликларни асраб, мерос қилиб қолдиришдек эзгу ишда дастуруламал бўлиб хизмат қилиши атрофлича тушунтирилди.

Жойларда тўпланаётган маиший чиқиндиларни вақтида тўплаш, шаҳар ва аҳоли яшаш масканларидан олиб чиқиб кетиш ҳам ўта муҳим вазифалардан бири. Модомики эндиликда юртимизга кўплаб хорижий сайёҳларни таклиф қилаётган эканмиз, шунга яраша шаҳарларимизни ораста ва чиройли қилиб қўйишимиз зарур. Бугун аҳолига санитар тозалаш хизматларини кўрсатаётган ва бунга тайёр бўлган корхона ва хусусий тадбиркорлик субъектлари бисёр. Уларнинг самарали ва сифатли фаолият кўрсатиши учун эса кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ўз вақтида тўлашлари зарурлиги қайд этилди.​​

ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!