Энди бозорларда гўшт нархи арзонлашади(ми?)

Энди бозорларда гўшт нархи арзонлашади(ми?)

Мамлакатимизда аҳолини гўшт маҳсулотлари ва асосий исътемол маҳсулоти бўлмиш картошкага бўлган талабини қондириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бугунги куннинг кечиктириб бўлмас вазифаси саналади.

Кейинги пайтда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш, нархлар барқарорлигини сақлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Зеро, озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлигиги халқ розилигининг асосий омилидир.

Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, бугунги кунда республикамизда барча тоифадаги хўжаликларда мавжуд қорамолларнинг бош сони 13,2 млн бошни (шундан сигирлар 4,7 млн бош), қўй ва эчкилар 22,5 млн бошни ташкил этади.

Аҳоли талабини чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш учун тиббий меъёрлар бўйича 1,5 млн тонна (суйилган вазнда, 1 кишига 42,8 кг) гўшт талаб этилиб, жорий йилда 1,4 млн тонна (2020 йилга нисбатан 104 фоиз) ёки талабга нисбатан 93 фоиз гўшт ишлаб чиқариш прогнози белгиланган.

Республикада аҳолининг реал талаби ҳамда демографик ҳолатнинг ўзига ҳослигини инобатга олган ҳолда, йилига қўшимча 100-150 минг тонна гўшт маҳсулотлари талаб этилади. Шу жиҳатдан жорий йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, 50,4 минг тонна гўшт маҳсулотлари (ўтган йилга нисбатан 64 фоизга кўп) импорт қилинган. Айниқса, қорамол гўштининг импорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 70 фоизга ошган.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда импорт қилинаётган қорамол гўштининг 1 кг ўртача импорт нархи 37,5 минг сўмни, божхона тўловларидан (1 кг қорамол гўштига ҚҚС 5 700 сўм) сўнг 43,2 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу ҳолат, ўтган бир ойда 1 кг қорамол гўштининг ўртача қийматини 5-7 минг сўмга ошганлигини кўрсатмокда.

Шу муносабат билан, аҳолини гўшт билан барқарор нархларда таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган мазкур ҳужжатда бир қатор янгиликлар ўз аксини топган.

Қонун лойиҳаси 3 та моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қатор асосий қўшимча киритишни ўз ичига олган. Хусусан, лойиҳада гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотларини, картошка ҳамда музлатилган балиқни олиб киришда ва реализация қилишда ҚҚС бўйича имтиёзлар берилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотларини, картошка, музлатилган балиқни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, уларни реализация қилиш бўйича айланмалари қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланмоқда.

– Кейинги пайтда бозорларда гўшт нархининг қимматлашиб кетгани юртдошларимизнинг ушбу ҳаётий зарур озиқ-овқат маҳсулотини сотиб олиш имкониятини пасайтирмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Абдурасулов. – Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархларнинг барқарорлигини сақлашга хизмат қилиши, шубҳасиз. Аслида мақсад ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, гўштнинг нархини аҳолига мақбул даражага олиб келишдир.

Жаҳон бозорида бугунги пандемия шароитида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб кундан-кунга ортиб бормоқда. Айниқса, қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Мажлисда депутатлар бозорларни гўшт, картошка ва бошқа маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш ва нархлар барқарорлигини сақлаш аҳолининг осуда, тўкин турмуш кечиришига хизмат қилишини айтиб, қизғин муҳокамалар, савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳасини қабул қилдилар.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!