Эмомали Раҳмон 17 август куни Ўзбекистонга келмоқда. Ташриф дастури

Эмомали Раҳмон 17 август куни Ўзбекистонга келмоқда. Ташриф дастури

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон 17 август куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келмоқда. Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби давлат раҳбарининг ташриф дастурини эълон қилди.

Маълум бўлишича, Мустақиллик монументига гул қўйиш маросимидан сўнг Кўксаройда давлат раҳбарларининг музокаралари бошланади. Музокаралар аввал тор, кейин кенг доирада ўтказилади.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади.

Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Куннинг иккинчи ярмида “Ўзэкспомарказ”да Тожикистон маҳсулотлари кўргазмаси бўлади. Эмомали Раҳмон пойтахтимиздаги “Артел” заводига ҳам ташриф буюриши кўзда тутилган.

Шу куни Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг икки мамлакат санъат усталари иштирокида ўтказиладиган концертда қатнашиши режалаштирилган.

Тожикистон Президенти 18 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувлар ўтказади. Эмомали Раҳмон шу куни Самарқандга ташриф буюриб, диққатга сазовор масканларни зиёрат қилади.

Ташриф давомида дастурга ўзгаришлар киритилиши мумкин, дейилади хабарда.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлган эди.

Manba: uz24.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!