Эмлаш жараёни нега кечикишига изоҳ берилди

Эмлаш жараёни нега кечикишига изоҳ берилди

Ўзбекистонда аҳолини оммавий эмлаш 1 апрелдан бошланиши маълум қилинди. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков эмлаш жараёнининг кечикиши билан боғлиқ сабабларга ойдинлик киритди.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши вакцина билан эмлаш жараёни март ойида бошланиши ҳақида хабарлар берилган эди. 17 март куни 660 минг доза миқдорида AstraZeneca вакцинаси олиб келинган бўлса-да, вакцинация ишлари 1 апрелдан бошланиши айтилмоқда

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, келтирилган вакциналар 20 мартга қадар вилоятлардаги эмлаш пунктларига етказилган. Улар Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги махсус омборхоналарда совуқлик занжирига амал қилинган ҳолда сақланмоқда.

«Эмлашнинг нега шу кунларда бошланмаганига тўхталсак, маълумки, 20-21-22 март кунлари Наврўз байрами муносабати билан республика аҳолиси учун дам олиш кунлари эълон қилинди. Шу жумладан, тиббиёт ходимлари ҳам шу кунларда дам олишди.

Эмлашни вилоят марказлари ва катта шаҳарлардан бошлашга қарор қилганмиз. Чунки вакциналаримиз ҳали етарли миқдорда эмас. 660 минг доза билан бор-йўғи 330 минг нафар аҳолини эмлаш мумкин. 

Балки бу 1 апрелмас, 5 апрелдан бошланиши ҳам мумкин. Лекин бу кечикиш вакциналар сифати ёки тиббиёт ходимлари тайёргарлиги билан боғлиқ эмас. Бу билан боғлиқ муаммо йўқ. Вакциналарни олиб келиш, сақлаш, эмлаш ишларига уч ойдан бери тайёргарлик кўряпмиз. Ҳаттоки бу жараёнда ҳосил бўладиган тиббий чиқиндиларни ўрнатилган тартибда йўқ қилиш бўйича ҳам алоҳида кўрсатмалар берилган», деди у.

Ўзбекистонда биринчи навбатда эмланадиган аҳоли рўйхатини электрон тарзда шакллантириш ишлари бошлангани маълум қилинган эди. Штаб аъзосининг хабар беришича, айни пайтда бу ишлар якунланмоқда. Булар ҳавф ости гуруҳига кирувчи: 65 ёшдан ошган аҳоли вакиллари, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликка чалинганлар, мактабгача таълим ва таълим муассасаси ходимлари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, хорижда таҳсил олаётган талабалар ва меҳнат мигрантлари ҳисобланади. Уларнинг умумий сони 4 миллиондан ошади.

«Эмлаш жараёнида исрофгарчиликка йўл қўймаслик, вакциналарни увол қилмаслик, уларнинг қолиб кетишига йўл қўймаслик учун жудаям уюшган ҳолда амалга ошириш зарур. Шунинг учун барча ишларни тўлиқ кўздан кечириш, барчасини қайта текшириш муддат талаб қилади. Аммо албатта яқин кунларда эмлаш ишлари амалга оширилади. Аввало хавф ости гуруҳига кирувчилар, кейин кенг жамоатчилик вакиллари эмланади. Бунинг учун тўлиқ алгоритм ишлаб чиқилган ва шу асосда ишлар амалга оширилади», деди Н.Отабеков.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!