Елим пакетларга тақиқ фақат «СУПЕРМАРКЕТЛАР» учунми?

Елим пакетларга тақиқ фақат «СУПЕРМАРКЕТЛАР» учунми?

Президентимизнинг ўтган йил 18 майдаги Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида ги қарори билан 2019 йил 1 январдан бошлаб, савдо шохобчалари орқали полимер плёнкали пакетларни бепул бериш тақиқланган. Уларнинг нархини мамлакатимиз ҳудудида сотиладиган товарлар нархига қўшиш, шунингдек, ўз таннархидан паст қийматда сотиш, қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш ҳам маън этилган. Хўш, атроф-муҳит софлигини асраш, қора пакет лар тарқалишини назоратга олишга йўналтирилган мазкур қарор ижросини таъминлаш борасида жойлардаги вазият қандай?

Бозорларда полимер пакетлардан бемалол ва очиқчасига фойдаланиляпти, дейди пойтахтимизнинг Яшнобод тумани Катта Қўйлиқ маҳалласининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш бўйича комиссияси раиси Рихситилла Саъдуллаев. Масалан, Қўйлиқ буюм бозорида ёймачилар ҳам, пештахталарда савдо қиладиган сотувчилар ҳам полимер пакетларни харидорларга бепул беришади. Бозорларда нимаики харид қилманг бу хоҳ нон маҳсулотлари, кийим кечак, қурилиш моллари, маиший товарлар бўлсин, сотувчи универсал қора пакетга солиб беради. Пакетлар савдоси ҳам бозорларнинг ўзида йўлга қўйилган. Пакетфурушлар маҳсулотни қаердан олишаётгани номаълум. Чунки бундай товарларни ички бозор учун ишлаб чиқариш тақиқланган. Балки баъзи корхоналар қоидани бузган ҳолда ишлаб чиқаришни давом эттираётгандир?..

Дарҳақиқат, юқоридаги қарор кучга кирганидан сўнг ҳам қора пакетлар савдоси мамлакатимиз ҳудудларида жиддий чекланмади. Бунга исталган бозор ҳудудида гувоҳ бўлиш мумкин. Янги қоидага фақат йирик савдо марказлари супермаркет лардагина амал қилинмоқда. Масалан, Яшнобод туманидаги савдо-кўнгилочар марказларида товарлари целлофан пакетларга ўраб берилганида харид чекида пакет нархи алоҳида кўрсатиб ўтилади.

Тақиқ кучга киргунга қадар савдо марказимиз логотипи туширилган целлофан пакетлардан фойдаланиб келганмиз. Пакетлар харидорларга бепул берилган, дейди ана шундай марказлардан бирининг ходими Севара Турғунова. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб эса уларнинг нархи 100 сўмдан белгиланиб, харид чекидаги товарлар рўйхатига алоҳида ном билан қўшилмоқда. Аммо тез орада бундан ҳам воз кечамиз. Табиатга зарар етказмайдиган, марказимиз логотипи туширилган қоғоз пакетлардан фойдаланишни режалаштиряпмиз. Шундан сўнг харид рўйхатига пакет нархи қўшилмайди.

Бу каби ташаббусларни республикамизда фаолият юритаётган барча йирик савдо марказларида кузатиш мумкин. Савол туғилади: бозорлар, кичик савдо шохобчаларида қачон қоидага амал қилинади. Мазкур ҳолатлар мамлакатимиз Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2003 йил 13 февралда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари га ҳам зид бўлиб, сотувчи, тадбиркор, мансабдор шахслар тегишли равишда жавобгарликка тортилиши лозимлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Бундан ташқари, Президентимизнинг юқоридаги қарори ижросини назорат қилиш қатор мансабдор шахслар ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси зиммасига юклатилган. Ўйлаймизки, масъул шахслар қарор ижросини таъминлашга жиддий эътибор қаратади.

Шу ўринда мутахассислар пластик пакетлар қоғоз пакетларга қараганда қулайроқ бўлса-да, табиатни ифлослантириши, уларни ишлаб чиқариш заҳарли моддалар билан боғлиқлигини таъкидлашларини айтиб ўтиш лозим. Уларнинг чириб йўқ бўлиб кетиши учун 400 йил вақт керак бўлади. Янги қоидаларга амал қилиш эса фарзандларимизга заминимизни тоза, озода қолдириш имконини яратади.

Manba: mahalladosh.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!