ЕИ TikTokни 368 млн доллар жаримага тортди

Европа Иттифоқи TikTok компаниясини Европа қоидаларига мувофиқ болалар шахсий ҳаётини ҳимоя қилмагани учун 368 миллион доллар жаримага тортди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Euronews сайтига таяниб.
Жума куни Европа Иттифоқи TikTok ижтимоий тармоғини вояга етмаганлар билан боғлиқ маълумотлар билан ишлашда Брюсселнинг маълумотларни ҳимоя қилиш қоидаларини (GDPR) бузгани учун 345 миллион евро (368 миллион доллар) миқдорида жаримага тортди.
Бош қароргоҳи Дублинда жойлашган ва Европа Иттифоқи номидан иш юритувчи Ирландия маълумотларини ҳимоя қилиш комиссияси ижтимоий медиа гигантига уч ой ичида талабларга риоя қилишни буюрди.
Жарима 2020 йилнинг июль-декабрь ойлари орасида содир бўлган қоидабузарликлар бўйича икки йиллик текширувдан сўнг тўланади.
Илова ёшлар орасида жуда машҳур бўлиб, Ирландия расмийлари ўз қарорида болаларнинг аккаунтлари барчага очиқ бўладиган тарзда рўйхатдан ўтказилган деган хулосага келишди.
TikTok вояга етмаганларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилмагани учун биринчи марта жазоланаётгани йўқ. Ижтимоий тармоқ АҚШ томонидан 2019 йилда тахминан 5 миллион доллар, Голландияда эса 2021 йилда 750 минг евро миқдорида жаримага тортилган. Ўтган апрель ойида Буюк Британия шунга ўхшаш қонунбузарликлар учун тахминан 15 миллион евро жаримага тортган эди.