ДХХ ноқонуний диний таълим бериш ҳолатига чек қўйди

ДХХ ноқонуний диний таълим бериш ҳолатига чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида пойтахтимизининг Учтепа туманидаги масжидларнинг бирида мутавалли бўлиб ишловчи, 1989 йил Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган, ўрта маълумотга эга бўлган шахс ўзининг вақтинча яшаш манзилида жорий йилнинг сентябрь ойидан буён 4 нафар вояга етмаган болага ноқонуний тарзда диний сабоқ бериб келаётганлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, Самарқанд вилоятида ва Тошкент шаҳрида туғилган болаларнинг уч нафари 6 ёшли бўлиб, ҳали улар умумтаълим мактабига ўқишга бормаган, тўртинчиси эса Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги мактабларнинг бирида 5-синф ўқувчиси ҳисобланади.

Шу ўринда савол туғилади. Нима учун Пайариқ туманидаги мактаб раҳбарияти ўз ўқувчисининг узоқ муддат дарсларга келмаслигига эътибор бермаган.

Болалар мазкур шахс ижарада турган уйнинг хоналаридан бирида яшашган ва диний сабоқ олишган. Бунинг учун уларнинг ота-оналари ҳар ой 900-950 минг сўм миқдорида пул тўлашган.

Таъкидлаш лозимки, диний таълимга эга эканлиги ҳақида ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган шахс ўқитиш жараёнида болаларга нисбатан жисмоний жазолар қўллаган.  


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!