ДХХ Фарғона вилоятида 2,6 кг дан зиёд гиёҳвандлик моддалари савдосига чек қўйди

ДХХ Фарғона вилоятида 2,6 кг дан зиёд гиёҳвандлик моддалари савдосига чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар давомида гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ икки ҳолатга чек қўйилди.

ЎзА хабарига кўра, Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи Мирзоҳид Охунов «Андархон» чегара пости орқали қўшни Тожикистонга ўтиб, у ерда 4 минг АҚШ доллари эвазига опий гиёҳванд моддасини харид қилади ва жиноий шериги, Қўқон шаҳрида яшовчи Улуғбек Қаюмовга телефон қилиб, мазкур гиёҳванд моддани Қўқонга етказиб беришни сўрайди.

Улуғбек Қаюмов гиёҳванд моддаларни Бекобод шаҳридан олиб келаётган вақтда Чағали қишлоғи яқинида қўлга олинди. Қаюмовнинг таниши бошқарувидаги машинада 1 кг 984 гр опий моддаси борлиги аниқланди ҳамда ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди. Олиб борилган тезкор суриштурувлар давомида Мирзоҳид Охунов ҳам қўлга олинди.

Марғилон шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган Ҳошим Иброҳимов Қувасой шаҳридан Фарғона шаҳрига кириб келаётганида тўхтатилди. Қилмиши фош бўлаётганидан безовталанган Иброҳимов машинадан тушиб, қўлидаги буюмни кўчага улоқтириб, қочиб кетаётган вақтда қўлга олинди.

Унинг жиноий шериги Марғилон шаҳрида яшовчи Дониёр Маҳмудов эса, воқеа жойидан қочиб кетди. Аммо, олиб борилган тезкор тадбир давомида у  Марғилон шаҳрида қўлга олинди.

Иброҳимов томонидан улоқтирилган буюм холислар иштирокида кўздан кечирилганда, целлофан пакетга ўралган 672 грамм оғирликдаги «гашиш» гиёҳванд моддаси экани аниқланди.

Терговолди суриштирувлар жараёнида Иброҳимов ва Маҳмудов «гашиш» моддасини қўшни Қирғизистон ҳудудида сотиб олиб, Қувасой шаҳрининг Полмон қишлоғи яқинидаги айланма йўл орқали Ўзбекистонга олиб ўтгани маълум бўлди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 246, 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Manba: gazeta.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!