ДХМлар орқали "маҳалладан маълумотнома" берилмайди

ДХМлар орқали "маҳалладан маълумотнома" берилмайди

Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, жорий йилнинг 15 октябрдан бошлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қуйидаги ҳужжатларини тақдим қилиш тартиби бекор қилинган:

  • шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги;
  • шахснинг ишсизлиги;
  • болани, ёлғиз шахсларни, пенсионерларни ва ногиронларни парвариш қилганлиги ҳақида;
  • шахснинг тавсифномаси.

Бироқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти нотўғри талқин қилиниши ҳамда юқорида санаб ўтилган ҳужжатларни олиш учун улар томонидан фуқароларни туман (шаҳар)лардаги Давлат хизматлари марказларига юборилиши фуқаролар орасида турли хил норозилик ҳолатларини келтириб чиқармоқда.

Бугунги кунда манзил-маълумот ахборотлари Давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этилади. Яъни, ушбу ҳужжатда яшаш жойи ҳақидаги маълумотдан фарқли ўлароқ доимий пропискада турганлиги, пропискадан чиққанлиги, турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги, вақтинчалик рўйхатдан ўтганлиги, шунингдеқ, маълумот мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотлар кўрсатилади. Мазкур ахборот Давлат хизматлари марказларига Ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Манзил-маълумот бюролари томонидан берилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган юқорида санаб ўтилган ҳужжатлар эса Давлат хизматлари марказлари томонидан тақдим этилмайди.

Қарорга асосан, шахснинг яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги ҳамда унинг ишсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлари давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тегишинча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги органларидан мустақил равишда сўраб олиниши лозим.

2020 йил 1 январдан бошлаб эса, давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида оила таркиби, шу жумладан қариндошлик даражаси ва фуқаронинг оилавий аҳволи ҳақидаги маълумотлар давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тўғридан-тўғри фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларидан мустақил равишда сўраб олинади.

Manba: darakchi.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!