Дўзах олови бўлса нима қилардингиз?

Дўзах олови бўлса нима қилардингиз?

Абу Саъиддан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Марзуқ Маҳдий билан тўкин-сочинликда эди. Бир куни ўйин-кулги қилиб, хамр ичиб, пешин, аср ва шом намозларини ўқимади. Жорияси ҳар бир намозни эслатиб турса ҳам қулоқ солмади. Ниҳоят, хуфтон вақти бўлганда жория бир чўғ олиб келиб, унинг оёғига ташлади. Абдуллоҳ додлаб юборди-ю, ғазабга тўлиб: «Бу нима қилганинг?!» деб бақирди. Жория: «Бу дунё оловининг атиги бир чўғи-ку! Дўзах олови бўлса нима қилардингиз?» деди. Бу гап Абдуллоҳга чўғдан ҳам қаттиқ таъсир қилди. У узоқ-узоқ йиғлаб, сўнг намозга турди.

Абдуллоҳ жорияси айтган гапни узоқ тафаккур қилиб юрди. Ўйлаб-ўйлаб, охири мол-мулкидан воз кечсагина гуноҳларидан фориғ бўлиб, нажот топишини тушуниб етди. Жорияларини озод қилди, тижоратини тўхтатди, қолган мол-давлатини садақа қилиб юборди. Кўкат сотиб кун кўрадиган бўлди. У билан ўша насиҳатгўй жориясигина қолди. Жория Суфён ибн Уяйна билан Фузайл ибн Иёзни чақириб келди. Улар келганда Абдуллоҳ бошини биргина ғишт устига қўйиб ётган эди. Суфён ибн Уяйна: «Инсон бир нарсани Аллоҳ учун тарк қилса, Аллоҳ унинг ўрнига нимадир бериши аниқ. Аллоҳ учун шунча мол-мулкингдан кечибсан, эвазига Аллоҳ сенга нима берди?» деб сўради. Абдуллоҳ: «Шу ҳолимга рози бўлиш неъматини берди», деди.

«Солиҳлар гулшани» китобидан


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!