Дунёдаги энг қудратли 5 та флот маълум қилинди

Дунёдаги энг қудратли 5 та флот маълум қилинди

Дунёдаги энг қудратли ҳарбий-денгиз флотлари орасида АҚШ, Хитой, Россия, Буюк Британия ва Япония бор. Бу ҳақда «The National Interest» журнали маълум қилди.

Рўйхатда биринчи ўринни Америка ҳарбий-денгиз кучлари эгаллади. Мақола муаллифининг таъкидлашича, АҚШ дунёдаги ҳар қандай флотдан кўра кўпроқ кемаларга эга.

— Бошқа бирорта ҳам ҳарбий-денгиз флоти АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари каби бу қадар глобал қамровга эга эмас. Улар Тинч, Атлантика ва Ҳинд океанлари, шунингдек, Ўртаер денгизи ва Форс кўрфазида мунатазам ҳаракат қилади, — дейди у. Америка флоти, нашрнинг ёдга олишича, 10 та авианосец, 9 та десант кемаси, 22 та крейсер, 62 та эсминец, 17 та фрегат ва 72 та сувости кемаларига эга.

Рўйхатнинг иккинчи поғонасидан Хитой ҳарбий-денгиз флоти жой олди. Хитой флоти ривожланишига мамлакат иқтисодиётининг юксалиши туртки берди. 1989 йилдан буён мудофаа бюджети қарийб ўн баравар ошди, деб таъкидлайди «The National Interest». Айни вақтда Хитой 1 та авианосец, 3 та десант транспорти, 25 та эсминец, 42 та фрегат, 8 та атом ва тахминан 50 тача оддий сувости кемалари мавжуд.

Рўйхатдаги учинчи ўринни Россия ҳарбий-денгиз флоти эгаллади. Муаллифнинг ёзишича, Россия анъанавий равишда қуруқликдаги қудратли куч ҳисобланишига қарамай, у совет флотининг каттагина қисмини мерос қилиб олган. Шу билан бирга, янги кемалар аста-секин сафга қўшилмоқда, шунингдек, эскилари замонавийлаштирилмоқда. Россия флоти таркибида 79 та йирик кема, жумладан, 1 та авианосец, 5 та крейсер, 13 та эсминец ва 52 та сувости кемаси мавжуд.

Тўртинчи ўриндан Буюк Британия Қироллик ҳарбий-денгиз флоти жой олди. Мамлакатнинг бошқа қуролли кучлари сингари Британия флоти ҳам сўнгги йилларда изчил пасайишга дучор бўлмоқда, деб ёзади нашр. Айни вақтда Буюк Британия ҳарбий-денгиз кучлари 3 та катта десант кемаси, 19 та фрегат ва эсминец, 7 та зарбдор атом сувости кемаси ва 4 та баллистик ракетали сувости кемасига эгалик қилади.

Япония мудофаа денгиз кучлари бешинчи ўринни эгаллади. Кунчиқар юрт флоти таркибида 114 та кема, жумладан, 46 та эсминец бор. 16 та кемадан иборат Япония сувости флоти эса дунёдаги энг яхшиларидан бири саналади, деб ёзган нашр.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!