Дунёдаги энг қиммат Янги йил арчалари

Дунёдаги энг қиммат Янги йил арчалари

Дунёдаги энг қиммат Янги йил арчалари кўп ҳолларда сунъий бўлади. Инсонлар ҳамиша табиат томонидан яратилган нарсаларни мукаммаллаштириш учун ҳаракат қилиб келгани рост. Жаҳоннинг энг машҳур дизайнерлари бу борада ўз маҳоратларини имкон қадар намойиш қилишга уринади. Дунёдаги энг қиммат арчалар бугунги кунда қаерда сақланади ва улар қандай кўринишга эга? Қуйида шу ҳақда билиб оласиз.

Софител меҳмонхонасидаги қора рангли арча - 55 000 доллар

Лондонда жойлашган Софител меҳмонхонасининг таниқли арчаси 200 та олтин бутилкалар билан безатилган бўлиб, уларнинг ҳар бирига олий сифатли ичимликлар тўлдириб чиқилган.

Арча қўл меҳнати асосида биллур буюмлар дизайнери томонидан яратилган. Арчани ягона нусхадаги бетакрор қандил ёритиб туради.

Гинза Танака заргарлик дўкони арчаси - 468 000 доллар

Токиодаги Гинза Танака заргарлик дўкони ходимлари ҳам, унинг раҳбари ҳам тилла буюмларни жуда яхши кўришади. Дўконга жойлаштирилган антиқа арча учун эса 12 кг соф олтин сарф этилган.

Тилла арчанинг ўзига хос безаклари ҳар бир инсонни ҳайратга солиб қўйишга қодир.

"Соо Кее Диамонд Трее" заргарлик дўкони арчаси - 1 млн доллар

Дунёдаги энг қимматбаҳо арчаларнинг яна бири Сингапурда жойлашган бўлиб, уни Бургис Жунcтион савдо марказидан топишингиз мумкин. Марказ маъмурияти дизайнер Су Ки жанобларига мутлақо янги ғоя ўйлаб топиш кераклиги ҳақида айтган. 6 метрли ва оғирлиги 6 тоннага тенг келадиган арча умумий оғирлиги 913 каратга тенг бўлган 21 798 та олмос билан безатилган. Томошабинлар олмосларни янада аниқроқ кўриши учун арчага 500 та лампочка ўранатиб чиқилган.

Капитолий ёнидаги улкан арча - 1 млн доллар

Ушбу арча табиий бўлгани сабабли ҳам унинг баландлиги 20 метрдан ошади. Арча минглаб чироқлар билан безатилган, аммо Капитолий арчасида бирорта ҳам олмос ёки тилла бўлаги кўзга ташланмайди.  Арча табиий бўлгани учун мутлақо ўзгача кўриниш касб этган.

"Такашимай" универмагидан "Роза-мини" арчаси - 1,8 млн доллар

"Такашимай" универмаги одамларни лол қолдиришнинг бутунлай ўзгача усулини ўйлаб топди. Ушбу арча баландлиги атиги 40 сантиметрни ташкил қилади, холос. У атиргуллардан ташкил топган кичик даста шаклида бўлиб, гулларнинг япроқларига Австралия ва Африка олмослари билан ишлов берилган.

Сваровски Кристал арчаси - 1,8 млн доллар

Ушбу бетакрор арча ҳар йили Гонгконг аэропортининг марказий залига ўрнатилади. Унинг баландлиги 16 метрга тенг бўлиб, дарахт 20 миллионта майда олтин зарралари ва Австриядан олиб келинган Сваровски тошлари билан безатилган.

Эмиратеж Палаc меҳмонхонасидаги улкан арча - 11,4 млн доллар

2010 йили инсоният тарихидаги энг қимматбаҳо арча Абу-Даби шаҳридаги Эмиратеж Палаc Хотел биносида қад кўтарди. Дарахтнинг умумий қиймати бир неча минг долларга тенг бўлган, қолган пуллар эса арчани безаш учун хизмат қилган олмослар, тилла, марварид, сапфир ва зумрад тошлари учун ишлатилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!