Дунёдаги энг қиммат почта маркаси 15 миллион долларга баҳоланмоқда

Дунёдаги энг қиммат почта маркаси 15 миллион долларга баҳоланмоқда

Дунёдаги энг ноёб ва энг машҳур почта маркаси – «Британ Гвианаси» Лондондаги кимошди савдосида сотувга қўйилади. Sotheby’s аукцион уйи марка 10 млндан 15 млн долларгача сотилишига умид қилмоқда. Бу сумма унинг дастлабки нархидан тахминан миллиард марта кўпроқни ташкил қилади.

The Guardian нашрининг хабар беришича, ушбу марка дунёдаги энг машҳур ва энг қиммат марка ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, марка нафақат ноёблиги, балки унга ўз вақтида кўплаб одамлар эгалик қилгани сабабли қадрланади.

Марка 1856 йилда Британ Гвианасида (ҳозирда Гайана) одатда Англиядан импорт қилинган маркалар танқислиги вужудга келгандан кейин чекланган нусхада босилган.

 «Британ Гвианаси» каби бир центлик маркалар кўпинча газеталарни етказишда қўлланган. Шу сабабли уларнинг аксарияти ташлаб юборилган. 

 Маркани 1873 йилда 12 ёшли шотландиялик филателист амакисининг қоғозлари орасидан топиб олган ва у қимматбаҳо бўлиши мумкин деган қарорга келган. Бола уни бор-йўғи 6 шиллингга сотиб юборган.

Шундан кейин марка кўп марта ўз эгаларини ўзгартирган ва унинг нархи тобора ошиб борган. 1980 йилда марка америкалик ҳаваскор спортчи Жон Дюпонга рекорд нархга – 935 минг долларга сотилган.

 Марканинг охирги эгаси дизайнер Стюарт Вайцман ҳисобланади. Эътиборлиси, марканинг барча эгалари унинг орқа томонида ўз «дастхатлари»ни қолдиришган. Вайцман унда баланд пошнали туфлини ва ўз инициалларини қолдирган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!