Дунёдаги энг чуқур ва сирли ғор Ўзбекистонда... ми?

Дунёдаги энг чуқур ва сирли ғор Ўзбекистонда... ми?

Ўзбекистон табиати мўъжизаларга бой. Айниқса Бойсунтоғ, Ҳисортоғ тизмалари бағрида жойлашган ғорлар сир-синоатга тўла.

Улардан бири Бойсун туманидаги Чўлбайир тоғ тизмасидаги Бойбулоқ ғоридир. Нафақат юртимизда, балки Осиё минтақасида энг чуқур ҳисобланган мазкур манзил ҳақида BBC мақола эълон қилди. Эътиборингизга ундан айрим қайдларни ҳавола этамиз.

Салкам 50 йил олдин Мустафоқул Зокиров сув топиш илинжида ўз гўшасини тарк этди. У яшаётган қишлоқ Ўзбекистоннинг энг олис бурчагида бўлиб, қурғоқчилиқдан азият чекаётган эди...

Мустафоқулнинг бедарак кетиши Буюк Ипак йўлининг қадимий шаҳарлари, бепоён кенгликлари билан машҳур Марказий Осиёга тадқиқотчиларни жалб қилган кашфиётга сабаб бўлди.

Бу кашфиёт - Бойбулоқ ғоридир. Дунёда энг кам ўрганилган, синоатли Бойбулоқ Осиёнинг энг чуқур ғори ҳисобланади. Унинг чуқурлиги 1минг 454 метрни ташкил этади.

Бойбулоқ қа етиб бориш асаби заифлар учун эмас. Совет давридан қолган йўлтанламас УАЗда етти соатлик ажойиб сафар Деҳиболо қишлоғигача давом этади. Дехиболо нинг маъноси энг баланд қишлоқ дегани.

Бир томонда тоғлар булутлар орасида ғойиб бўлса, ҳайдовчининг кичик хатоси эвазига манаман деган жарлар аниқ ҳалокатни ваъда қилиб турибди. Мен ҳатто қишда, ярим тунда ҳам бу ерлардан машинамда бемалол юра оламан дея мақтаниб қўяди, бизнинг ёш ҳайдовчимиз Эркин. Бу ердаги ҳар бир тош, ҳар бир муюлишни биламан. Шундай экан кўп ҳам хавотир бўлмасдан, манзарадан баҳра олинг

Бир нечта қишлоқларни ортда қолдирганимиздан сўнг йўл бутунлай йўқолди. Машинамиз атрофида улкан қоялар, булоқ ва кичик сойлар бўлган дарё ўзани бўйлаб силжишда давом этди.

3000 метрдан зиёд баландликдаги кичик яшил гўша - Деҳиболо қишлоғига етиб бордик... Деҳибололиклар асаларичилик билан шуғулланади, қўй боқади, мева-сабзавот етиштиради, ёз бўйи кўмир, ўтин ғамлаб қўяди...

Бойбулоқ ғори ташқарисидамиз. Қояда катта бўлмаган тешик бор. Атрофда ҳаво ҳарорати 30 даража иссиқлигига қарамай, ғор оғзидан совуқ елвизак эсмоқда. Тешикнинг шундоқ тўғрисида Мустафоқул излаган кичик булоққа кўзимиз тушди.

Бу йилда айни манзилда Россия -Франция-Швейцария қўшма экспедицияси иш олиб борди, дейди мазкур экспедиция бошлиғи Вадим Логинов. Асосий вазифамиз Чўлбайир тоғидаги энг чуқур ғорлар - Бойбулоқ ва Вишневский ни бир-бирига улайдиган туннелларни топиш. Уларнинг жойлашувига қараб, Бойбулоқ ва Вишневский аслида узун бўлган битта ғор, деган тахминга бормоқдамиз. Агар бу исботланса, дунёдаги энг чуқур ғор кашф этилган бўлади. Аммо, бу осон иш эмас.

Вадим Логиновнинг айтишича, экспедиция ғор ичида янги дарёлар ва кўлларни ҳам топган.

Сиз дунёнинг ҳеч бир бурчагида 3 минг метр баландликдаги мана шундай ғорни топа олмайсиз, дейди экспедиция аъзоси, швейцариялик Арнаулд Маллард.

Арнаулд Маллард ўз гуруҳи билан чуқурлиги 735 метр бўлган Вишневский ғорини ўрганди. 2019 йилда улар яна бу ерга келиб, Бойбулоқ ни тадқиқ этишни режалаштирган. Экспедиция аъзолари ҳар иккала ғорнинг туташган жойини топиш ниятида...

Manba: ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!