Дунёдаги энг бой одамлар пандемия оқибатларини бартараф этишлари мумкин. Бунга қанча вақт керак?

Дунёдаги энг бой одамлар пандемия оқибатларини бартараф этишлари мумкин. Бунга қанча вақт керак?

Коронавирус пандемияси бошланганидан бери дунёдаги энг бой ўнта одам ўзларининг умумий бойликларини ярим триллион долларга кўпайтирди, деб ёзади Unilad.

Oxfam глобал хайрия ташкилоти томонидан «Тенгсизлик вируси» деб номланган янги ҳисоботга кўра, энг бой 10 кишининг умумий бойлиги март ойининг ўрталаридан 2020 йилнинг охиригача 540 миллиард АҚШ долларига ўсган. Ташкилотнинг баҳолашича, бу нафақат сайёрадаги ҳар бир одам учун эмлаш харажатларини қоплашга, балки коронавирус сабаб бўлган камбағалликнинг ўсишининг олдини олишга ҳам етарли.

Пандемиянинг дунёдаги энг бой одамларга молиявий таъсирини ўрганиш учун мутахассислар Forbes-2020 миллиардерлари рўйхати ва Credit Suisse’нинг маълумотларидан фойдаланди.

«Биз шуни аниқладикки, дунёдаги энг бой минглаб одамларга пандемиядаги йўқотишларини қоплаш учун атиги 9 ой керак бўлади. Аммо камбағалларнинг тикланиши учун 10 йил керак», – деб ёзади ташкилот Twitter’да

Ҳисоботда таъкидланишича, миллиардерларнинг умумий бойлиги 2020 йилнинг декабрь ойида 12 триллион долларни ташкил этди, бу G20 мамлакатлари пандемия пайтида сарфлаган маблағларига тенгдир.

«Бу фактлар шармандали. Ҳукуматлар ҳаракат қилишлари керак. Энг бадавлат одамларни адолатли солиққа тортилиши глобал иқтисодиётни тиклашга, қашшоқликка қарши курашиш учун кўпроқ пул йиғишга ва адолатли жамиятларни шакллантиришга ёрдам бериши мумкин», – деди Буюк Британиянинг Oxfam ижрочи директори Дэнни Срискандаража.

Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, агар мамлакатлар ҳозир ҳаракат қилса, камбағаллик даражаси инқирозгача бўлган даражага ўн йилдан кейин эмас, балки уч йил ичида қайтарилиши мумкин. Oxfam, шунингдек, дунёнинг энг бой одамлар ва 2020 йили энг кўп пул ишлаб топган 32 та глобал корпорациялар учун солиқларни оширишга чақирди.

Oxfam’нинг ҳисоботи Жаҳон иқтисодий форумининг давлатлар раҳбарлари, халқаро молия ташкилотлари раҳбарлари ва йирик тадбиркорлар иштирокидаги онлайн сессиясининг бошида тақдим этилди. Форумнинг асосий мавзуси пандемия келтириб чиқарган инқироздан чиқиш йўли деб номланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!