Дунёда ва Ўзбекистонда ўғитлар истеъмоли даражаси таҳлил қилинди

Дунёда ва Ўзбекистонда ўғитлар истеъмоли даражаси таҳлил қилинди

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари дунёда ва Ўзбекистонда ўғитлар истеъмоли даражасини таҳлил қилди.

Дунё ўғитлар бозори 2021 йилда танқисликка дуч келди. 2022 йилда ўғитлар нархининг ошиши кучайди ва сўнгги 70 йил ичида мисли кўрилмаган даражада бўлди. Ўғитлар нархининг бутун дунёда ўсиши муқаррар равишда улардан фойдаланишнинг қисқаришига олиб келади. Бу айниқса, кам даромадли мамлакатларда кўпроқ кузатилади.

Ўғитлар истеъмоли мамлакатлар бўйича дунё бозоридаги ўзгаришлардан олдин ҳам катта фарқ қилган. Масалан, Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган Африка мамлакатларида ўғитларнинг қўлланилиши гектарига ўртача 22 кг ни ташкил этади. Бу дунё бўйича гектарига қўлланиладиган ўртача кўрсаткич (гектарига 146 кг) дан 6,6 баравар паст. Хитой ва Чили каби баъзи мамлакатларда ўғитлар истеъмоли гектарига 400 кг га яқин.

ФАО (БМТ нинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти) маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 1 гектар экин майдонига ўғит истеъмоли 254,5 кг ни ташкил этади. Бу дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан 74%, Европа ва Марказий Осиё бўйича ўртача кўрсаткичдан 2,9 баравар юқори.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган азотли ўғитларнинг ўртача олганда ярмидан камроғи ўсимликларнинг ўсишида ёрдам беради, қолганлари эса фақат сув ҳавзаларини ифлослантиради. Сўнгги 100 йил ичида сув, тупроқ ва ҳаводаги антропоген азотли бирикмалар миқдори икки баравар ошди.

Шундай қилиб, ўғитларни қўллашга озиқ-овқат хавфсизлиги учун хавф туғдирмайдиган даражада тузатиш киритиш зарур. Ўғитларни энг самарали қўллаш учун уларнинг ўзлаштирилиш самарадорлигини ўлчаш, тупроқнинг ҳолати ва кимёвий тузилишини мунтазам кузатиб бориш талаб этилади. Ўғитлардан фойдаланишда мувозанатни топиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини таъминлайди ва шу билан бирга атроф-муҳитни келажак авлодлар учун асрайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!