Дунё ва Ўзбекистон: аёллар ҳуқуқлари ҳимояси қай аҳволда?

Дунё ва Ўзбекистон: аёллар ҳуқуқлари ҳимояси қай аҳволда?

11 июль — Бутунжаҳон аҳолишунослик куни муносабати билан БМТнинг аҳолишунослик фонди (UNFPA) ва ҳукумат идоралари иштирокида анжуман бўлиб ўтди. Унда бутун дунёда ҳамда Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқлари муҳофазаси ва репродуктив саломатлик ҳимояси ҳолати ҳақида сўз борди.

Бутун дунёда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, генер тенглигини таъминлаш, репродуктив саломатликни мустаҳккамлаш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг устувор ҳаракатларидан бири ҳисобланади.

«Бундан 25 йил аввал, 1994 йилда Қоҳирада Аҳолишунослик ва тараққиёт бўйича халқаро конференция ўтказилган эди. 179та мамлакатдан 10 мингдан зиёд делегатни бирлаштирган бу конференцияда инсоннинг репродуктив саломатлиги ва ҳуқуқлари, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш ва гендер тенглигини таъминлаш масалалари муҳокама қилиниб, бу ҳуқуларнинг зарурати тан олинган эди. Натижада, бутун дунё аҳолисининг репродуктив саломатлиги, ўз ихтиёри билан оила қуриш, ҳомиладор бўлиш вақтини ихтиёрий белгилаш, оналар ўлимини тўхтатиш, аёллар ҳуқуқларини эътироф этиш бутун бўйича дунё ҳамжамияти биргаликда чоралар кўрди. Аммо ҳали ҳам ўзининг репродуктив ҳуқуқларидан маҳрум бўлган аҳоли мавжуд. Ҳамма бирдек қамраб олинмаган. 2019 йил Найробида бўлиб ўтадиган саммитда ҳукуматлар, БМТ агентликлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, хусусий сектор вакиллари бир жойда жамланиб, мазкур масалаларни ҳал этиш бўйича таклифларни тақдим этадилар»,─ дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори  Ҳелена Фрейзер.

UNFPA’нинг Ўзбекистондаги вакили вазифасини бажарувчи Педро Пабло Виллануэванинг қайд этишича, инсонларнинг энг оддий ҳақларидан бўлган репродуктив ҳуқуқ, ола қуриш каби масалаларда ҳал этилиши керак бўлган ишлар ҳали кўп. «Ҳали барчани қамраб ололмаганимизни қуйидаги рақамлар ҳам кўрасатади: дунё бўйича 5 миллион ҳомиладор аёл тиббий ёрдамга муҳтож, 274 миллион аёл ўз истаган контрацептив воситаларга эга бўлмагани учун ҳомиладорликнинг олдини олиш имкониятига эга эмас. Ҳар йили фарзандини дунёга келтириш чоғида 830 нафар аёл вафот этади. 33.000 нафар қиз эрта турмушга чиқишга мажбурланади. 11.000 нафар қизнинг жинсий аъзоларига жароҳат етказилади.

Гендер тенглиги таъминланган, ҳеч ким жинсий зўравонликка дуч келмайдиган, ҳеч ким ўз ихтиёрига қарши оила қуришга мажбурланмайдиган, ҳар бир аёл ҳомиладорликни ўз истагига кўра режалаштирадиган, туғуруқ жараёни она учун ҳам, бола учун ҳам хавф солмайдиган жамиятни ҳақиқатга айлантириш учун фақатгина умид кифоя эмас. 2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун бу масалаларни ҳал этиш лозим», ─ дея такидлайди Виллануэва.

Анжуман давомида ҳукумат вакилларининг Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари ва репродуктив саломатлик бўйича олиб борилаётган ишлари бўйича ҳисоботлари тингланди.

Хусусан, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси, сенатор Зайниддин Низомхўжаев тақдим этган маълумотга кўра, Олий Мажлис таркибида янги тузилма ─ гендер тенглиги бўйича қўмита иш бошлайди. «Ўтган икки йил ичида аёлларнинг жамиятдаги ролини ошириш билан боғлиқ 15та норматив ҳуқуий ҳужжат қабул қилинган. Яқинда қабул қилиниши кутилаётган Аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари ва имкониятлари тенглиги ҳамда Аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар ҳам бу борадаги ишлар суратини оширади», ─  дея қайд этди сенатор.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг аёллар ва оила масалалари бўйича комиссия раиси, депутат Дилором Файзиевага кўра, бир қатор соҳаларда муаммоларнинг очиқ қолаётгани қонунларнинг ижро этилмаслиги билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. «Репродуктив саломатлик умумий соғликнинг асоси эканлигини яхши тушунамиз. Амалиётдан кўриниб турибдики, яхши қонунлар қабул қилиняпти. Лекин муаммо уларнинг амал қилиши бўлиб қолмоқда. Қонунлар ижроси бўйича Паралмент назоратини йўлга қўйиш масаласи кўндаланг бўлмоқда. Оила ва Меҳнат кодексининг янги таҳрири кўриб чиқиляпти, Фуқаолик ва Жиноят кодексларига ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриляпти. Бунда жамиятнинг ҳар бир аъзоси, хусусан, аёлларнинг ҳам ҳуқуқларига эътибор қаратилади», ─ дея таъкидлайди у.

Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Боситхонованинг баёнотига кўра, Ўзбекистонда жамият ҳаётида аёлларнинг фаоллашуви кузатилмоқда. Хусусан, сенаторларнинг 17 фоизи, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоиз, маҳаллий кенгашлар депутатларининг 23 фоизи, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларда 82 фоиз, фан, таълим, маданият, санъат соҳасида72 фоиз, қишлоқ хўжалигида 45 фоиз, саноатда 38 аёллар фаолият юритади.

«Депутатликка Зулфия мукофоти совриндорлари номзодларини таклиф этишга диққат қаратилиши керак. Зулфиячиларнинг салоҳияти тан олинган, баҳоланган. Улар фақат ўз оилалари ва касблари билан боғланиб қолмоқда. Уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам фаол бўлишларини таъминлашимиз керак», ─ деди Боситхонова.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!