Дунё узра тинчлик сўзи мангу янграсин

Дунё узра тинчлик сўзи мангу янграсин

Инсон ўз ақл-идроки, иродаси билан шу кунга қадар кўплаб цивилизацияларга асос солган. Аммо ҳар гал уруш ва низолар туфайли тамаддунлар тарихга айланган. Ҳатто илм-фан тараққиёти асри деб баҳоланган XX асрда ҳам одамзот иккита жаҳон урушига гувоҳ бўлди.  
Шу тариқа дунё афкор оммаси можаролар очиқ ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетишининг олдини оладиган, жанжаллашаётган томонларни тинч йўл билан муросага келтиришга қодир ягона тузилма ташкил топмас экан, юксак салоҳият маҳсули сифатида яратиладиган кашфиётлар ҳам жамият ривожига ҳисса қўша олмаслигига амин бўлди.

1945 йил 25 апрель куни тарих ана шундай воқеага гувоҳ бўлди. АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида 50 мамлакат вакиллари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомини тузиш учун таъсис конференциясига тўпланди. Унда ер юзи жами аҳолисининг 80 фоизи вакили сифатида 3 минг 500 га яқин делегат қатнашди. 1945 йил 24 октябрь куни 111 банддан иборат БМТ Низоми қатор давлатлар томонидан ратификация қилинди. Шундан буён 24 октябрь – БМТ ташкил топган кун сифатида нишонлаб келинади.

БМТга аъзо бўлиш мамлакатнинг мустақил давлат сифатида тан олиниши ва жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланишини англатади.

Мустақил Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг аъзо сифатида бошқа давлатлар билан халқаро муносабатларда БМТ Низомида белгиланган қоидаларга амал қилиб келмоқда. БМТ Низомида дунёда тинчликка эришиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барқарор ривожланиш каби устувор йўналишлар белгилаб берилгани БМТ билан фаол руҳдаги ҳамкорликнинг асосини ташкил қилиб келмоқда.

Ўзбекистон тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи хавф-хатарларга қарши курашиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида БМТ билан кўплаб лойиҳаларни амалга оширди. Тинчлик, эзгулик, муроса ва самимият Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг доимий шиорига айланди.

Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги иштироки мамлакатимиз билан БМТ муносабатларида янги саҳифа очди.

Президентимиз БМТ сессиясидаги нутқида бугунги куннинг энг долзарб масалалари ҳақида тўхталди, муҳим таклифларни ўртага ташлади, муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни олға сурди. БМТнинг юксак минбаридан туриб, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш муҳим вазифа эканини таъкидлади.

Президентимиз нутқида илгари сурилган ташаббуслар нечоғли асосли ва БМТ мақсадларига нақадар ҳамоҳанг экани ўтган бир йилда кўплаб давлат ва сиёсат арбоблари томонидан эътироф этилди.

Ўзбекистон ушбу ташаббусларни рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатларда ҳам намуна бўлмоқда: Самарқандда 2017 йил ноябрь ойида БМТ шафелигида "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзуида халқаро анжуман ўтказилди. Мамлакатимиз ушбу конференцияда ташқи сиёсатда қўшни давлатлар билан ҳамкорлик, ва минтақа халқлари манфаати йўлида шериклик принципларига содиқ эканини яна бир бор намойиш этди. Унинг якунлари бўйича Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюция қабул қилиш таклиф этилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг жорий йил 18 июнда бўлиб ўтган сессиясида лойиҳаси Ўзбекистон томонидан Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган "Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш" резолюцияси қабул қилингани юқоридаги фикримизнинг тасдиғидир. Ушбу ҳужжатда Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик ва ривожланиш соҳаларидаги йирик минтақавий ва халқаро ташаббуслари, шунингдек, ўз ечимини кутаётган қатор масалаларни ҳал қилиш борасидаги жиддий чоралар илгари сурилди.

Ўзбекистонда БМТ билан ҳамкорлик барча соҳада изчил ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизда ушбу ташкилотнинг нуфузли органлари – Тараққиёт дастури, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Аҳолишунослик жамғармаси, Болалар жамғармаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури ва бошқа тузилмалари ваколатхоналари фаолият юритаётгани ҳамкорлик самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, ЮНЕСКО билан ҳамкорлик мамлакатимизда ижтимоий-гуманитар, маданий-маърифий соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш, шу орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон ташкилотга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ЮНЕСКОнинг 8 кафедраси ва 10 маркази, 34 уюшган мактаблари очилган.

Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги мумтоз ўзбек мусиқий меросини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва оммалаштиришга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, ЮНЕСКО кўмагида Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда бир марта “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ўтказиб келинаётган бўлса, жорий йил сентябрь ойида Шаҳрисабзда илк бор Халқаро мақом санъати анжумани ташкил этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 8-9 октябрь кунлари Францияга ташрифи доирасида ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан учрашди. Музокарада Ўзбекистон билан ЮНЕСКО ўртасида 2018-2021 йилларга мўлжалланган қўшма Ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Бу ҳужжат муносабатларни янги босқичга кўтариш, томонлар олдида турган вазифаларни биргаликда инновациялар орқали ҳал этиш ва барча йўналишларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Бир сўз билан айтганда, тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлган Ўзбекистон билан БМТнинг мақсадлари муштарак. Ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли бугун шаклланган мутлақо янги, ўзаро ишонч руҳидаги муҳит халқаро миқёсда тинчиликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш имконини бермоқда.   

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!