Дунё олимлари “твиндемиа” хавфидан огоҳлантирмоқда

Дунё олимлари “твиндемиа” хавфидан огоҳлантирмоқда

Дунёда эпидемиологик вазият барқарорлашиши яна ортга сурилиши мумкин. Бир томондан коронавирус пандемиясининг янги тўлқини авж олмоқда. Қатор давлатларда кунлик касалланиш кўрсаткичлари рекорд даражага етяпти.

Коронавируснинг “омикрон” штамми, айниқса Европа мамлакатларини анча “ҳолдан тойдирди”. Бироқ, олимларнинг айтишича, қитъа аҳолисини олдинда яна бир оғир синов кутиб турибди. Бу — грипп инфекцияси.

Маълумотларга кўра, ушбу хасталик туфайли ҳар йили жаҳонда 650 мингга яқин одам ҳаётдан кўз юмади. Шунга қарамай, ўтган йили Европада грипп вируси нисбатан кам тарқалди.

Чунки аввалги куз-қиш мавсумларида минтақада пандемия чекловлари ҳозиргига қараганда анча қатъий эди. Одамлар тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш ва шахсий гигиена қоидаларига оғишмай амал қилаётганди. Бунинг устига, ўз-ўзини изоляция қилиш талаблари кучайтирилганди.

Аммо коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш кўрсаткичлари оша бошлагач, карантин талаблари юмшатилди, қатор чекловлар бекор қилинди. Бу эса аҳоли ўртасида грипп хасталиги кенг тарқалиши учун қулай муҳитни юзага келтирди.

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш бўйича Европа маркази (ECDC)нинг хабар беришича, ўтган йил декабрь ойи ўрталаридан бошлаб Европада грипп вируслари кутилганидан кўра анча тез тарқала бошлади.

Ушбу марказ бош эксперти Паси Пенттиненнинг фикрига кўра, минтақада яшовчилар ёзгача чўзилиши мумкин бўлган ғайриоддий “давомли грипп” мавсуми билан юзма-юз келишлари мумкин.

Франция Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатнинг уч вилояти, жумладан, Париж аҳолиси аллақачон грипп тўлқинига дуч келган. Бошқа ҳудудлар ҳам шундай эпидемия арафасида. Шу сабабли олимлар икки карра пандемия, яъни “твиндемиа” хавфидан огоҳлантиришмоқда.

“Аҳвол ёмонлашиб кетса, бу йил тарқалаётган гриппнинг доминант штамми — H3 А вируси кўпроқ кексалар орасида энг оғир ҳолатларга сабаб бўлади” дейишмоқда мутахассислар.

Шундай мураккаб бир вазиятда “омикрон” билан боғлиқ хавотирлар ҳануз босилгани йўқ. Швеция академик лабораториясида уч беморда ушбу штаммнинг янги мутацияси аниқланди.

“Омикрон”нинг бу турига BA.2 деб ном берилган. Қайд этишича, ҳозир янги мутация Скандинавия давлатларида жуда фаол тарқалмоқда. Масалан, BA.2 варианти аллақачон Дания ва Норвегияда ҳам аниқланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!