Дунё матоҳидан афзал неъмат

Дунё матоҳидан афзал неъмат

Тафсир

«Бас, (эй инсонлар!) Сизларга ато этилган нарса(лар) дунё ҳаёти матосидир ва имон келтирган ҳамда ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар (дунё матоларидан) яхшироқ ва боқийроқдир. Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир. Улар Парвардигорларига ижобат этган ва намозни баркамол адо этган зотлардир. Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан (муҳтожларга) эҳсон қилурлар. Улар ўзларига тажовуз қилинганда (унга қарши курашиб) ғолиб бўладиган зотлардир» (Шўро сураси, 36 – 39-оятлар).

Оятни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бундай тафсир қилган: “Сизларга ато этилган нарса(лар) дунё ҳаёти матоси” боқий қолмайди. “Аллоҳнинг ҳузуридаги”, яъни савоб сизларга берилган дунё матоҳидан яхши ва боқийдир. Бу савоб Қуръони карим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга имон келтириб, беш вақт “намозни баркамол адо этган”“ўзларига тажовуз қилинганда” зулм қилганларга ёмонлик қилмай, кечирганларга бўлади (“Танвийрул мақобис мин тафсири Ибн Аббас”).

“Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар” ансорийлардир. Уларни Аллоҳ таоло Ўзига имон келтиришга ва тоатига чақирганида улар имон келтиришди ва итоат қилишди, беш вақт намозни адо этишди. Улар Ислом динини қабул қилишларидан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келишларидан олдин ҳар бир ишларини маслаҳат билан қилишарди. Аллоҳ таоло уларни шу сабабли мақтади. Ишларини тўғри бош­қариш фақатгина шўро (маслаҳат) билан иш кўришда (“Ал-Кашшоф”).

Имом Фахриддин Розий оятни бундай тафсир қилган: “Дунё матосини исташ разил ишдир. Оятда уни ўта пастлиги учун “матоҳ” деб номланган. Охиратдаги нарсалар эса яхши ва абадийдир. Соғлом ақл абадий қолувчи яхши нарсани йўқ бўлиб кетадиган ҳақир нарсадан устун қўйишни тақозо қилади”.

Яхши ва абадий нарсаларга етиш бу сифатлар билан сифатланишни талаб қилади:

Мўмин бўлишни; Аллоҳнинг фазлига таваккал қилувчи бўлишни; (ким тоатлар савобни вожиб қилади, яъни тоат қилдим, демак, савобга эришдим деб ҳисобласа, у Аллоҳга эмас, ўзининг амалига суянган бўлади ва оятдаги таваккал қилувчилардан бўлмайди); Катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четда бўлишни; “Катта гуноҳлар”дан мурод бидъатни қилмаслик, шаҳвоний истаклар сабаб фаҳшга боғланиб қолмасликдир.

Ғазабланганда кечиришни; Аллоҳ таолонинг қазосига чин қалбдан рози бўлишни ва бу борада бирон ишда қалбида зиддият бўлмасликни. “Намозни баркамол адо этган”. Бу ерда намоздан мурод фарз намозлардир.

“Тафсири ҳилол”да оятдаги “катта гуноҳлар” Қуръон ва ҳадисда қатъий қайтарилган ва уни содир этганга муайян жазо тайин қилинган гуноҳи кабиралар деб тафсир қилинган.

Тафсир китоблари асосида

Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 2-сонидан


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!