ДСҚ ҳукумат комиссияси қарорини бажаришдан бош тортди — Юлий Юсупов

 ДСҚ ҳукумат комиссияси қарорини бажаришдан бош тортди — Юлий Юсупов

Давлат солиқ қўмитаси Бухородаги 907 та тадбиркорлик субъектидан ҚҚС ундирувини бекор қилиш борасидаги ҳукумат комиссияси қарорини бажаришдан бош тортган. Бу ҳақда Kun.uz'га маълум қилган иқтисодчи Юлий Юсупов қўмитанинг «обнал иши» доирасидаги кейинги хатти-ҳаракатлари борасида фикр билдирди.

«Олдинги воқеалар» нинг қисқача мазмуни

1. «Хавфни таҳлил қилиш» автоматик дастури асосида Давлат cолиқ қўмитаси 500 дан ортиқ корхонани «обналчи» деб эълон қилди ва қуйидагиларга мутлақо эътибор бермади:

  • қонунчиликда ҳеч қандай «обналчи» деган термин йўқ;
  • «хавфни таҳлил қилиш» автоматик дастури ҳеч қандай тарзда ушбу «обналчи»ларни аниқлай олмайди, унинг вазифаси – солиқларни тўлаш нуқтайи назаридан «шубҳали» корхоналарни аниқлашдир;
  • «хавфни таҳлил қилиш» дастури асосида, таърифга кўра, ҳеч ким ҳеч нарсада айбдор деб топилмайди. Корхона ҳақиқатдан нақдлаштирувчи операцияларни амалга оширгани текширувлар орқали ва судда исботланиши керак.

2. ДСҚнинг рўйхатига кирган «шубҳали» корхоналар билан қилинган барча операциялар ҳеч қандай далилсиз ва суд қарорисиз кўзбўямачилик учун тузилган, деб эълон қилинди. (Aфтидан, ДСҚнинг далиллари ва «суд»лари ҳақиқий болшевиклар сифатида буржуа тизимининг қолдиқлари ҳисобланади) Шу сабабли, ушбу операциялар бўйича ҳисобга олинган ҚҚС ҳисоботлари бекор қилинди.

Эндиликда 10 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти илгари тўланган қарийб 1 триллион сўм миқдоридаги ҚҚСни тўлаши керак. Бюджетни тўлдиришнинг инновацион усули!

3. Шундан сўнг ДСҚ бундан-да кам бўлмаган инновацион усул – «идоравий текширувлар»ни ўтказди. Aксарият ҳолларда текширув натижалари қўмитанинг дастлабки қарори тўғрилигини тасдиқлади. Текшириш методологияси эса чуқур сир бўлиб қолди. Бундай фойдали инновацияларни асраш керак, акс ҳолда бошқа мамлакатларнинг солиқ қўмиталари ўғирлаши мумкин.

«Обнал иши»да кутилмаган бурилиш – воқеаларнинг давоми қандай кечди?

24 апрел куни Kun.uz Сардор Умрзоқов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси Бухоро вилоятида фаолият юритадиган 907та тадбиркорлик субъектига «обнал иши» юзасидан юклатилган 47 миллиард 133 миллион сўмлик ҚҚС ундирувини бекор қилиш тўғрисида қарор чиқаргани ҳақида мақола эълон қилди.

Қарорнинг ижросини таъминлашни назорат қилиш Бош прокуратура зиммасига юклатилган.

Бу «обнал иши»да мутлақо янги бурилиш бўлди ва Бухоро вилояти унинг муваффақиятли якунланишига илк нишона бўлмоқда.

Aммо ДСҚ бунга муносабат билдирди. Қандай?

ДСҚ ҳукумат комиссияси қарори юзасидан баёнот берди, лекин аслида, қўмита ҳукумат комиссиясининг қарорини бажаришдан бош тортди.

Комиссия томонидан белгилаб қўйилганидек, қайта ҳисобланган ҚҚС ундирувини бекор қилиш ўрнига «тегишли ариза билан солиқ идораларига мурожаат қилган барча хўжалик юритувчи субъектларга (нафақат Бухоро вилояти, балки барча ҳудудлар) солиқни 6 ой ичида тенг улушларда бўлиб тўлашга имкон берилди».

Бошқача қилиб айтганда, ДСҚ ўз хатосини тан олмоқчи эмас ва илгаригига ўхшаган қарорларни қабул қилишда давом этади. Кўриниб турибдики, қўмита расмийлари ўзларини бизнес билан жангда қаҳрамон курашчилардай ҳис қилишяпти.

Юлий Юсупов

  • Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати Kun.uz сўровига Бухородаги тадбиркорлардан «обнал иши» доирасида ҚҚС ундируви «бекор қилинмагани, лекин енгиллик берилгани»ни билдириб жавоб қайтарди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!