Дорихоналардаги нархлар «ўйини»га чек қўйиш масаласи нега қоғозда қолиб кетяпти?

Дорихоналардаги нархлар «ўйини»га чек қўйиш масаласи нега қоғозда қолиб кетяпти?

«Шифокор менга «Утрожестан 200 мг» дорисини ёзиб берди. Дўхтир қабулидан чиқиб, дорихонага ошиқдим. Нархини сўрасам, 124 минг сўм. Навбатдагисига кирдим — 130 минг. Ундан кейингиси 116 минг. Яна ҳам арзонга учраши мумкин, деган ўй билан ён-атрофдаги дорихоналарга биттама-битта кирдим. Нарх гоҳ юқорига, гоҳ пастга «ўйнарди». Бир соатча айланиб юриб, дорини 115 минг 500 сўмга сотиб олдим. Энг юқори кўрган нарх эса нақд 140 минг сўм бўлди. Аслида 107 минг сўмга ҳам бор эди. Аммо у ерга харажат қилиб, қайтиб бормадим». 

Таҳририятимизга Наманган вилоятидан қўнғироқ қилган Дилноза исмли аёл шу масала нега ҳамон муаммо бўлаётгани ҳақида айтиб қолди. Аслида ушбу ҳолат кўпчиликка таниш бўлса керак. Бирор дорини харид қилмоқчи бўлиб дорихонага қадам қўйган киши борки, сотувчидан камалак ранглари сингари турфа нархларни эшитади. Майли, нисбатан арзон дори-дармонлар учун эҳтимол, бу унчалик аҳамиятли эмасдир. Лекин эътибор берсак, препарат нархи қанча қиммат бўлса, дорихоналараро тафовути ҳам шунга «мос равишда» ошиб бораверади. Юқоридаги ҳолат бунга яққол мисолдир.

Қўлимизда узундан-узун рецепт бўлса-чи? Биттама-битта дорихонага кириб чиқишга тўғри келади. Охирида энг арзон жойдан сотиб оламиз. Дориларнинг бари ўша ерда топилса-ку, яхши. Агар чиқмаса, қимматроқ ҳисоблаб берган дорихонадан у қанча фарқ қилишидан қатъи назар, харид қиладиганлар бор. Бу — азбаройи ҳафсаласи пир бўлгани ёки мажбурлиги туфайлидир.

Шу тобда ҳар қандай истеъмолчида ҳақли савол туғилади: нега дорихоналарда бир турдаги дорининг нархи кескин фарқ қилади? Унинг қиймати нимага асосланиб шаклланади?

Фоизи аниқ

Дастлаб, ҳужжатларга назар солсак. Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан,  2017 йил 1 январдан бошлаб четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилиши кўрсатилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 июндаги «Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра эса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қатъий нархларда сотиш тўғрисидаги талаби бекор қилинган. 

Ушбу фармацевтика маҳсулотлари рўйхати 299 та дори препаратини ўз ичига олган. Шундан 98 таси маҳаллий, 201 таси четдан олиб келинадиган импорт дорилар. Бироқ мазкур ўзгариш бозор тўлиқ либераллашганини англатмайди. Балки, четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари белгиланган нархларда сотилиши кўрсатилган. Хусусан, ижтимоий аҳамиятга эга дорилар ва тиббий буюмларга улгуржи савдо корхоналари энг кўп — 15 фоизгача, чакана савдо корхоналари — 20 фоизгача устама қўйиши мумкин. Ижтимоий дорихоналарда эса ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш уларни сотиб олиш қиймати ёки улгуржи нархига 10 фоиз миқдорида янада паст чекланган савдо устамаси қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Осмондан олинган нархлар

Келинг, энди нархларни солиштирайлик. Ҳозирги пайтда бирор дорининг нархини билиш учун кўчага чиқиш шарт эмас. Қўлимиздаги мобиль телефон ёрдамида дорихона маълумотлар тармоғига қўнғироқ қилиб, унинг сайтига кириб ёки телеграм тармоғидаги махсус канал орқали исталган дорининг нархини жойлашган манзили билан билишимиз мумкин. Хуллас, ижтимоий аҳамиятга эга айрим дориларнинг нарх-навоси билан танишдик:

L-лизина эсцинат — 104 минг сўмдан 128 минг сўмгача; (фарқ 23%)

Конвулекс 300 мг капсула — 79 минг сўмдан 95 минг сўмгача; (фарқ 20%)

Дюфастон №20 — 102 минг сўмдан 125 минг сўмгача; (фарқ 22%гача)

Сиофор 850 мг — 52 минг 500 сўмдан 66 минг сўмгача; (фарқ 26%гача )

Инфезол 40/250 — 52 минг сўмдан 62 минг сўмгача; (фарқ 19%)

Гептрал таблеткаси — 248 мингдан 298 минг сўмгача. (фарқ 20%)

Булар — пойтахтимиздаги айрим хусусий дорихоналардаги нарх-наво. Агар мана шу дориларни бутун Тошкент бўйлаб сўраб чиқсангиз, аминмизки, ҳамма дорихона озми-кўпми, ҳар хил айтади. Фақат махсус тармоқ дорихоналари бундан мустасно. Энди ўзингиз ўйланг: ўртадаги 20-26 фоизгача тафовутни қандай тушуниш мумкин? Бу гўёки бир дорихона иккинчи дорихонадан препаратни сотиб олиб, қайта савдога қўяётганга ўхшайди.

Кўриб турганингиздек, атиги бешта препарат баҳоси билан қизиқдик. Рўйхатда эса арзону қимматроқ бўлган 201 та дори бор. Дорихонанинг умумий ассортименти эса икки минг хил номдаги маҳаллий ва хорижий доригача етади. Энди кўз олдимизга келтирайлик: битта дорида шунча фарқ кузатилса, қўлимизда боя айтилгандай, узундан-узун рецепт бўлса-чи? Орадаги фарқ қанчага етади? Хўш, бунга сабаб нима?

Маълум бўлишича, дорихоналар дориларни турли нарх ва шартларда харид қилади. Бунда мавсумийлик, талаб ва таклиф каби омиллар ҳам инобатга олинади. Дейлик, дорихона бирор фирма ёки компаниядан қанча суммадаги дори сотиб олишига қараб, унга чегирма фоизи белгиланади. Бу эса нархга таъсир кўрсатмай қолмайди. Қолаверса, хусусий дорихоналарда жойни ижара асосида олиб ишлатаётганлар кўп. Боз устига, «иккинчи қўл» масаласи бор.

Аммо мана шу «иккинчи қўл»ни инобатга олган тақдирда ҳам ўртадаги тафовут бунчалик катта бўлиши мумкин эмас. Тўғри, қонунда «дори-дармонларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади» дейилган. Аммо ўзининг савдосини ўйлаган, мижозларини йўқотиб қўйишни истамайдиган ҳар бир дорихона борки, ўша дорини «учинчи ёки тўртинчи қўлдан» харид қилмаса керак ҳар ҳолда?! Фақат иккинчи воситачидан олади. Ўз навбатида, воситачи улгуржи ташкилот эканини инобатга олсак, у маҳсулотга 10-12 фоиздан ортиқ устама қўймайди. Чунки рақобат бор. Демак, икки дорихонанинг нархлари ўртасидаги фарқ ҳам худди шу нисбатда бўлса, мантиққа тўғри келар эди.    

Буни фармацевт-сотувчининг ўзи ҳам тасдиқлайди.

— Кўп йиллардан бери дорихонада ишлайман, — дейди ­Бахтинисо Омонова. — Бугун аксарият истеъмолчи, даставвал, телефон орқали дорининг нарх-навосини билиб (пойтахтдаги асосан), шунга қараб ўзига қулай жойдаги ва мақбул нархдагини олади. Шундай кезлар бўладики, баъзи дорилар бизда арзон, нариги дорихонада сал қиммат, уларда арзони эса бизда бироз баланд. Бу ҳолатни келтириб чиқарувчи бир неча омил бор.

Масалан, сотиб олган дорига 20 фоизгача қўшимча устама қўя оламиз. Агар дори-дармон воситаларини тўғридан-тўғри, «биринчи қўл»дан сотиб олсак, унинг нархи барқарор бўлади. Аммо «биринчи қўл»дан ҳар доим харид қилишнинг имкони йўқ. Тугаб қолиши бор. Шунинг учун воситачи орқали (олибсотар улгуржи фирма) олганимизда 10 фоизгача қимматга тушади. Шу сабабли нарх бироз кўтарилади.

Сотувчининг таъкидлашича, дорихоналарда дори воситасининг чакана баҳоси турли нархда савдога қўйилиши табиий ҳол. Бунда савдо корхоналари (дорихоналар) томонидан маҳсулот турли вақтда, нархда, бошқа-бошқа ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчидан харид қилинган бўлиши ва ҳар хил устама билан сотилиши мумкин. Лекин дорихоналарда айнан бир номдаги дори воситалари нархлари ўртасида 25-30 фоизгача катта тафовут бўлиши бу — инсофсизларча нарх белгилашни англатади, холос.

«Фақат мурожаат қилишингиз мумкин»

Мақолани тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ушбу масала юзасидан айрим саволлар билан мурожаат этдик. Хусусан, қўмита томонидан жорий йилнинг шу даврига қадар нархларнинг асоссиз оширилиши билан боғлиқ қанча ҳолат аниқлангани, бундай дорихоналарга нисбатан қандай чоралар кўрилгани ва келгусида бунинг олдини олиш мақсадида амалда қилинаётган ишлар ҳақида сўрадик. Лекин бу борада ўқувчи учун муҳим маълумот ололмадик. Қўмита раисининг ўринбосари Д. Юнусов имзоси билан келган хатда биз юқорида тилган олган иккита ҳужжатдан парча келтирилиб, яна қуйидагилар маълум қилинган:

«… дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ёки уларнинг айрим турларига қатъий чекланган чакана нарх белгиланмагани сабабли нархлар дорихоналарда (бир-биридан) бевосита фарқланиши мумкин».

Агар истеъмолчида бирор бир дори воситасининг чакана нархида эътирозлар бўлса, товар сотиб олинганини тасдиқловчи касса/терминал ва/ёки товар чеки билан қўмита ёки унинг ҳудудий органларига мурожаат қилинса, белгиланган тартибда кўриб чиқилар экан.

Қизиқ, биз қўмитадан нимани сўрадигу, улар қандай маълумотни тақдим этди? Очиғи, тушунарсиз ҳолат бу. Тўғри, қонун томонларини тушуниб турибмиз. Лекин наҳотки қўмитага аҳолидан бу борада бирор марта мурожаат тушмаган бўлса? Ахир, ҳамма дорихона пештоқига агар истеъмолчида нарх хусусида эътироз туғилса, «Ишонч телефонлари»га қўнғироқ қилиши мумкинлиги ёзиб қўйилган-ку!

Ижтимоий дорихона — муаммога ечим

Бугун тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилган. Улар ортиқча текширишлардан озод.  Бироқ бу уларга исталган нарх-навони қўйиш ҳуқуқини бермайди. Айниқса, дорихона ишида. Зеро, мамлакатимизда фармацевтика саноати бундан йигирма йиллар аввалги ҳолатидан бутунлай фарқ қилади. Соҳада изчил ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида аҳолининг сифатли дори-дармон воситаларига бўлган талаби қондириб келиняпти. Қолаверса, ижтимоий дорихоналар тармоғи очилди.

Афсуски, уларнинг кўпи, асосан, пойтахтда жойлашган. Жойларда, айниқса, чекка-чекка ҳудудларда улар сони қанча кўпайса, шунча яхши. Бу айрим хусусий дорихоналарга нарх сиёсатини қайтадан кўриб чиқишга ундаган бўларди...

Manba: ot-pres. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!