Дональд Трамп навбатдаги уруш қаерда бўлишини айтди

Дональд Трамп навбатдаги уруш қаерда бўлишини айтди

Пайшанба куни Оқ уйда бўлиб ўтган тадбирда АҚШ президенти Дональд Трамп Пентагоннинг Космик қўмондонлигининг ташкил этилишидан асосий мақсад фазодаги таҳдидларни нейтраллаштиришдан иборат бўлишини таъкидлади. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Президент Трампнинг сўзларига қараганда, янги “қўмондонлик АҚШнинг фазодаги муҳим манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдам беради. У “менинг фикримча, навбатдаги жанг майдони коинот бўлиши ҳаммага маълум”, деди. Бу Америка администрациясининг Россия ва Хитойнинг коинотдаги ошиб бораётган ҳарбий имкониятларига жавобдир. Хитой суньий йўлдошларни ракеталар билан йўқ қила олишини намойиш қилди, Россия эса коинотда фойдаланиш учун лазер қуроли тизимини яратиш ниятида эканлигини билдирди.

Июнь ойида Сенат Ҳарбий ҳаво кучлари генерали Жон Рэймондни Фазовий қўмондонлик бошлиғи этиб тасдиқлади. Рэймонд баёнот берар экан, коинотда Америка объектларини, жумладан йўлдошлар, ракетага қарши мудофаа тизимлари ва алоқа жиҳозларини ҳимоя қилиш янги қўмондонликнинг устувор вазифаси эканлигини таъкидлади.

АҚШ фазовий қўмондонлиги 1985 йилдан 2002 йилгача амалда бўлган эди. Бу Рональд Рейган маъмурияти ва унинг “стратегик мудофаа ташаббуслари” ҳаракатларининг самараси бўлди. Бироқ 2001 йил 11 сентябр ҳодисаларидан кейин бошқарма тарқатиб юборилди.

Оқ уй Фазовий кучлар ташкил қилиниши зарурат эканлигига Конгрессни ишонтиришга уринмоқда. Фазовий кучлар АҚШ Қуролли кучларининг олтинчи қўшин тури ва Ҳарбий Ҳаво кучлари ташкил этилган 1947 йилдан кейинги илк қўшин бўлади. Вакиллар Палатаси ва Сенат Пентагон бюджетига фазовий кучлар ташкил этилиши борасидаги қоидаларни киритди.

Айни дамда фазовий қўмондонлик таркибида 287 нафар ҳарбий хизматчи бор. Генерал Рэймонд айни дамда қўмондонлик қароргоҳи қаерда жойлаштирилиши билан боғлиқ масала муҳокама қилинаётганини билдирди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!