Дональд Трамп: АҚШ ва КХДР муносабатлари ёмонлашса, Ким Чен Ин бор-будини йўқотади

Дональд Трамп: АҚШ ва КХДР муносабатлари ёмонлашса, Ким Чен Ин бор-будини йўқотади

Агар АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатлар ёмонлашса, у ҳолда КХДР етакчиси Ким Чен Ин “бор-будини йўқотади”, дея баёнот берди АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг Twitterдаги саҳифасида.

Унинг сўзларига қараганда, Ким Чен Ин “жуда ҳам ақлли” ва Сингапурда денуклеаризация бўйича имзоланган Шартномадан сўнг Қўшма Штатлар президенти билан алоҳида муносабатларни бузишни истамайди. “Агар у ўзини душманона тутса, у ҳолда бор-будидан айрилади”, – қўшимча қилди Трамп.

Трамп ва Ким Чен Ин 30 июнда Пханмунжомда учрашганида денуклеаризация борасидаги музокараларни амалий даражада қайта тиклашга келишиб олган эдилар. Бу музокаралар икки раҳбарнинг Ханойда февраль ойида самарасиз якунланган учрашувидан сўнг тўхтатиб қўйилган эди. Бу келишувга биноан 5 октябрь куни АҚШ ва КХДР вакиллари Стокгольмда учрашиб икки томонлама муносабатларни яхшилаш истиқболларини муҳокама қилишди, бироқ мулоқот тикланмади. Ўшанда КХДР делегацияси раҳбари Ким Мён Гиль баёнот бериб консультациялар барбод бўлганини айтди ва Америка томони ўзларининг мавқеларини ўйлаб кўришлари борасида маслаҳат берди. Аммо АҚШ давлат департаменти бу баҳога қўшилмади ва учрашув конструктив бўлганлигини таъкидлади.

Яқинда Шимолий Кореянинг БМТдаги вакили Ким Сонг баёнот бериб, Шимолий Кореянинг ядровий қуролсизланишиАҚШ билан музокараларнинг асосий предмети эмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Шунингдек, куни кеча Пхеньян Сохэ ракета полигонида муҳим синовлар ўтказилгани ҳақида баёнот берди. Синовлар яқин келажакда мамлакатнинг стратегик аҳволига жиддий таъсир кўрсатади. Ўз навбатида Сохэ полигони ҳақида йўлдошдан олинган суратларга таянган ҳолда CNN Шимолий Корея ракета двигателлари синовини қайта тиклашга тайёргарлик кўраётгани борасида хабар берди.

Томонлар Шимолий Кореянинг ядровий дастури бутунлай тўхтатилишига қаратилган амалий учрашувлар олиб бормоқда, бироқ ҳозирча олдинга силжиш кузатилмаяпти. Пхеньян Америка санкциялари олиб ташланиши ҳамда Жанубий Корея ва АҚШ қўшма ҳарбий машқлари тўхтатилишини талаб қилмоқда.

Шу йилнинг май ойидан бошлаб Пхеньян камида 13 та ракета синовини ўтказди.

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!