Доимий рўйхатга фақат ўз оиласи бўлмаган фарзандларни олиб кириш мумкинми?

Доимий рўйхатга фақат ўз оиласи бўлмаган фарзандларни олиб кириш мумкинми?

Кўп жойларда эшитиб қоламиз, Тошкентдан уй сотиб олган фуқаролар кейинчалик фақат оиласи бўлмаган фарзандларинигина доимий рўйхатга (кейинги ўринларда тушунарли бўлиши учун - "прописка") кирита олади, агар оиласи бўлса, киритолмайди, дейишади. Бу гап мутлақо нотўғри.

Эътибор бериш керакки, фақат ўз оиласига эга бўлмаган фарзандинигина пропискага олиб кириш мумкинлиги ҳақидаги қоида 5-бандга ҳамда 9 - 12-бандларга тааллуқли.

Яъни эри хотини орқали (ёки аксинча) доимий пропискага кирса, унда ўша 5-банд билан прописка олган эр ўзининг барча фарзандларини пропискага олиб киролМАЙди, фақат ўз оиласига эга бўлмаган фарзандларинигина 2-банд билан пропискага олиб кириши мумкин.

Худди шу қоида 9, 10, 11 ва 12-бандларига ҳам тааллуқли. Улар ҳам фақат ўз оиласи бўлмаган фарзандларини олиб кириши мумкин.

Лекин кўпчилик буни барча бандларга тааллуқли деб ўйлайди ва адашади.

Тошкентдан уй сотиб олган фуқаро (у хоҳ янги, хоҳ иккиламчи бозордан бўлсин, фарқи йўқ) 1-банд билан пропискага киради.

Шундан сўнг, улар ўзининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги БАРЧА қариндошларини 2-банд билан пропискага олиб кириши мумкин.

Асос: Қонун билан тасдиқланган рўйхатнинг 2-банди (у ерда барча қариндошлар назарда тутилган)

Яъни Тошкентдан уй сотиб олганлар ўзларининг барча фарзандларини, уларнинг ўз оиласи бор ёки йўқлигидан қатъи назар, 2-банд билан пропискага олиб кириши мумкин.

Масалан, 80 ёшга кирган отахоннинг номига Тошкентдан уй олишса, ўша отахон ўзининг барча фарзандларини (уларнинг ёши 60 да бўлса ҳам фарқи йўқ) ҳамда барча набираларини (уларнинг сони 30 нафардан кўп бўлса ҳам фарқи йўқ) 2-банд билан пропискага олиб кириш ҳуқуқига эга.

ТАВСИЯ: шу сабабли ҳам агар зарурият бўлса, ва асосийси ишонсангиз ҳамда келгусида мулкий низо чиқмаслигига кўзингиз етса, Тошкентдан олинаётган уйни имкон қадар ота-онангиз ёки бобо-бувингиз номига олинг. Шунда кўпчилик пропискага кира олади. Масалан, уйни ота-онангизнинг номига олсангиз, ўзингиз, фарзандларингиз, ака-ука ва опа-сингилларингиз, уларнинг фарзандлари ҳам бемалол пропискага киради. Агар уйни бобо-бувингиз номига олсангиз, унда ўзингиз, ака-ука, опа-сингилларингиз билан бир қаторда ота(она)нгиз, амаки-амма (тоға-хола) ва уларнинг фарзандлари ҳам 2-банд билан пропискага кира олади.

ЭСЛАТМА: амалиётда илгари ИИВ Миграция бошқармаси бошлиғининг қонунга хилоф кўрсатмаси асосида паспорт столлар буни рад қилиб келишганди. Аммо саъй-ҳаракатларимиз натижасида фуқаролар айни шу масала бўйича судлашиб, ички ишлар органлари устидан ғолиб чиқишган ва кейинчалик ноқонуний кўрсатма бекор қилинган.

Шунга кўра, балки ҳозир ҳам замондан орқада қолган айрим масъуллар 1-банд билан пропискага кирган фуқарога фақат оиласи йўқ фарзандингизни пропискага олиб кира оласиз, деб нотўғри айтаётган бўлиши мумкин. Ким шундай деса, ишониб қолманг. Ҳаққингизни талаб қилинг. Қонунни яхши билмайдиганларга қонунни тушунтиринг.

Хушнуд Худойбердиев, ҳуқуқшунос, блогер


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!