Диёр Имомхўжаев: «Вадим Абрамовга на шахс сифатида ва на мураббий сифатида ишонганман, ишонмайман ҳам»

Диёр Имомхўжаев: «Вадим Абрамовга на шахс сифатида ва на мураббий сифатида ишонганман, ишонмайман ҳам»

ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев «Оффсиде» кўрсатувида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ—2022 3-саралаш босқичига чиқолмагани ва Вадим Абрамов ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Терма жамоанинг кейинги босқичга чиқа олмаслигини олдиндан тахмин қилгани ҳақида

Тахмин бўлган, олдиндан, буни яширмайман. Лекин олдиндан билганман деб айта олмайман. Чунки ҳеч нарсани олдиндан билиб бўлмайди. Ички хавотир бор эди, менда бу Вадим Абрамов терма жамоага тайинлангандан кейин бошланган. Шунинг учун жуда бир оламшумул, дод-вой соладиган нарса бўлмади мен учун.

Хорижлик мураббийнинг кетиши ва Абрамовнинг келиши нотўғри йўл эканлиги ҳақида

Кўпчилик бизга ҳужумкор футбол ёқишини айтади, менга ҳам ёқади шундай ўйин. Мана кеча боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев ҳам ҳужумкор бокс кўрсатиб, битта кучли зарба ўтказиб юбориб, нокаутга учради. Футболда ҳам шунақа. Уришни билган одам, калтак ейишни ҳам билиш керак. Саудия Арабистони иккита ўйинда 3 тадан гол уриб, Эктор Купернинг фалсафаси тўғри эканлигини кўрсатди. Тошкентда ҳам, Ар-Риёдда ҳам. Фақат гол уришимиз, олдинги чизиғимиз ва ярим ҳимоямиз билан иш битмаслигини ҳамма билади. Купер ҳимояни тўғрилашдан бошлаётганди. У биларди, ҳимоямиз оғриқли нуқта эканлигини. Жаҳон Чемпионатидаги рақибларимиз Япония, Корея, Эрон, Австралия ва Саудия Арабистони эканлигини ҳам яхши тушуниб турганди. Биз улар билан ҳужумкор ўйнай оламизми? Йўқ. Қийналамиз, жудаям қийналамиз. Мисол учун Кореянинг етакчи футболчилари Европанинг кучли чемпионатларида ўйнайди. Бизникилар эса Кореянинг 1-лигасида. Шундай экан, қандай қилиб ҳужумда ўйнашимиз мумкин. Абрамов ҳимояланишни билмайди. У буни бир неча маротаба исботлаган. Ўзбекистонни Олимпиададан мосуво қилганда ҳам, клубларда ишлаганда ҳам, 6 талаб голлар ўтказган. У авантюрист мураббий. Шунинг учун менга унга на шахс сифатида ва на мураббий сифатида ишонмаганман, ишонмайман ҳам, дейди ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк марта Жаҳон Чемпионатлари саралаши доирасида сўнгги, 3-босқичга чиқа олмагач, Вадим Абрамов фаолиятида иккинчи марта мамлакат бош жамоаси бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилди. У дастлаб 2010 йил апрель ойида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийига айланганди ва 2012 йилнинг 4 июнида истеъфога чиқарилганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!