Диний экстремизмда айбланган маҳкум Шавкат Мирзиёев томонидан авф этилди. Вилоят ҳокими ер “совға” қилди

Диний экстремизмда айбланган маҳкум Шавкат Мирзиёев томонидан авф этилди. Вилоят ҳокими ер “совға” қилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мустақиллик байрами муносабати билан 65 нафар маҳкумга нисбатан афв эълон қилиш ҳақидаги Фармони халқимизга хос бағрикенглик, меҳр-оқибат, кечиримлилик каби олижаноб фазилатларнинг яна бир тасдиғи бўлди. Фармонга асосан жазодан тўлиқ афв этилганларнинг 4 нафари Қашқадарё вилоятидан.

Қарши шаҳрида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев афв этилган фуқаролар билан учрашув ўтказди. Унда давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, Қарши шаҳар ҳокими ҳамда ташкилот ва муассаса раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Мулоқот давомида ҳоким жазодан озод этилган шахсларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат ўтказди. Улардан қаерга ишга жойлашиш масаласи, ўзлари ва оиласидагиларнинг кайфияти, рўзғорларидаги камчиликлар ҳақида сўради. Тузалиш йўлига қатъий ўтган инсонларга уларнинг муаммоларидан келиб чиққан ҳолда ёрдам кўрсатиш бўйича вилоят ташкилотлари раҳбарларига топшириқ берилиб, назоратга олинди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи барча афв этилганларни саломатлиги бўйича узлуксиз текширув олиб бориш ва бепул даволашни ўз зиммасига олган бўлса, Қарши шаҳар ҳокими Ж.Фозилов афв этилган Жасур Жўраевга тадбиркорлик қилиши учун саноат зонасидан 0.10 сотих ер ажратадиган бўлди.

Россияда ишлаб юрган вақтларимда бегона шахсларнинг алдовларига учиб шу йўлга адашиб кириб қолдим, – дейди яккабоғлик Шахбоз Бойтўраев. – Бугунги учрашувда вилоят ҳокими ишга жойлаштирди ва уйимни таъмирлаб берадиган бўлди. Жазо муддатини ўташ даврида оқу қорани ажратдим, ислом динида ёвузлик, бузғунчилик, кишилар ҳаётига хавф солиш мутлақо қораланишини тушуниб етдим. Қилмишимдан қаттиқ пушаймонман. Гуноҳимни афв этгани учун Президентимизга минг бор ташаккур, энди жиноят кўчасига қайрилиб ҳам қарамайман.

Шунингдек, Қарши шаҳарлик Жасур Жўраев, Қарши туманилик Нурбек Нурматов ва Примов Султонлар ҳам уларни озодликка чиқариб, хонадонларига бахт ва шодлик ато этган Президентимизга ташаккурлар айтдилар, қайтиб хато қилмасликка ваъда бердилар.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати бу ҳақда ЎзАга хабар берди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!