Дин ишлари бўйича қўмита диний қадриятларни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эмасми?

Дин ишлари бўйича қўмита диний қадриятларни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эмасми?

Тўғрисини айтсам, одам шу кунларда ҳайратланмай ҳам қўйганди. Чунки янги замонлар бизда шаклланган ҳар қандай стереотипларни барбод қилиб, кўз кўриб қулоқ эшитмаган ҳодисаларни дунё юзига олиб чиқяпти. Аммо аксар халқи мусулмон мамлакатда дин аҳкомларини телевидения орқали масхара қилишдек қабиҳ ишни кўриб ҳайратдан ҳушимиз учди. Бу иш ўз навбатида ижтимоий тармоқда кескин қарши олиниб, оммавий норозиликни келтириб чиқара бошлади. Кейинчалик маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳам жим турмаган экан. Қўмита Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевга Диний қадриятларни аския объектига айлантириш оқлаб бўлмайдиган хатти-ҳаракат эканлиги ҳақида мурожаат билан чиқибди. Буни кўриб интернетда ғазаб отига минган минглаб мусулмонлар бироз тинчлангандек бўлишди.

Бугун эса бутун халқимизнинг ҳавасини келтириб, ота-оналар болаларим шу йигитга ўхшасайди деб орзу қиладиган иқтисодчи дўстимиз Беҳзод Ҳошимов сўз эркинлигини, хусусан, актёрнинг телевидения кўрсатувида дин аҳкомларини масхара остига олганини ҳимоя қилиб мақола ёзибди. Камига Дин ишлари бўйича қўмитанинг мурожаат хатини эркинликка нисбатан хуруждир деб иддао қилибди. Ўзим ҳам шахсан ҳурмат қиладиган бу инсоннинг мақоласи сабаб пайдо бўлган қисқа шок ҳолатидан чиққач, ватандошимизнинг сўз эркинлигини ҳурмат қилган ҳолда унинг фикрлари нима учун асоссиз эканлигини асослашга қарор қилдим. Ўқувчилар гап нимада эканлигини тушунмай қолмаслиги учун муаллифнинг фикрларини бандма-банд кўриб чиқамиз. Жумлалар таҳрирсиз ва қўштирноқ остида келтирилади.

Лекин бизнинг қонунчилигимизда, санъаткор исталган нарсани устидан кулишга ҳаққи бор. Ва бу нарсада истиснолар йўқ. Агар бир инсон иккинчи инсоннинг шахсиятига тегса ёки туҳмат қилса, бунинг учун маҳкама, яъни суд органлари мавжуд, агар суд лозим топса, ўша адолатсиз масхара қилган инсонга чора кўрилиши мумкин. Лекин агарда кимнингдир ҳазили бошқа бир инсоннинг диний (ёки бошқа) ҳиссиётларига тегиши эҳтимоли бўлса, ҳиссиётлари нозик инсон эркин мамлакатда, ўша ҳазилни тингламаслик ва кўрмаслик ҳаққига эгадир.

Муаллифнинг сўз ва ифода эркинлиги борасидаги фикрларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман, аммо қизиқчилар учун ҳеч қандай истисно йўқлиги ҳақидаги фикрига қўшилмайман ва шахс-жамоа муносабати ҳақида гап кетаётганда ўз фикрини қувватлаш учун шахс-шахс муносабатига оид мисолдан фойдаланишини тўғри деб ҳисоблайман. Бу шунчаки ўқувчининг кўзини шамғалат қилишга уриниш, холос. Чунки муаллифнинг мантиғига кўра, ҳиссиёти нозик инсон диний аҳкомлар кулги остига олинган ҳазилни тингламай қўявериш ҳуқуқига эга бўлса, ундай инсон шахсиятига тегадиган ёки туҳмат гапни ҳам тингламай қўявериш ҳуқуқига ҳам эга бўлиб қолади. Шунингдек, бу солиштиришни тўғри деб ҳисобласак, ҳар қандай жиноятчи, хоссатан, ўлим билан таҳдид қилган одам ҳам бу ишида эркин бўлиб қолади. Чунки бу худди Ўлим билан таҳдид қилса, нима қилибди? Аввал у ўлдирсин, кейин судга берилаверади, агар сиз унинг ўлдиришидан қўрқсангиз, таҳдидини эшитмай қўяверинг дегандек гап.

Қисқаси, бир одамни ёки санъаткорнинг сўз эркинлигига чеклов қилиш, қандай холисона ният билан қилинишидан қатъий назар, аслида ноқонуний. Камида қонуниятнинг моҳиятига зид. Биз конституцион демократик республикамиз, ва бизнинг қонунчиликда инсон исталган динга ёки умуман динсиз бўлиш ҳуқуқига эга. Шу тариқа, бир динда нима мумкин ва мумкин эмаслиги, мамлакатнинг қонуни дегани эмас.

Хатбошидаги сўз эркинлиги ва диний аҳкомларни масхара қилиш бир нарса эмаслиги мавзусига ҳалироқ қайтаман. Аммо мени ажаблантирган нарса бу ерда эътиқод эркинлигининг ҳолатга қандай даҳли бор? Чунки, гап ҳеч кимнинг эътиқод эркинлиги ҳақида кетмаяпти. Диний қўмита мурожаатининг ҳеч бир ерида бир динда нима мумкин ва мумкин эмаслиги мамлакатнинг қонуни дегани деган иддао йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки Ўзбекистон давлат бошқаруви шаклига кўра, дунёвий давлат ҳисобланади ва дин аҳкомлари давлат қонунлари ўлароқ қабул қилинмайди. Лекин қонунчиликдаги эътиқод эркинлиги тушунчасининг биз муҳокама қилаётган мавзуга умуман алоқаси йўқ.

Эркинликка нисбатан ихтиёрий зулм ёмондир, ва қўмитанинг ушбу хати айнан эркинликка нисбатан хуруждир. Диндор инсон ўз динига эркин эътиқод қилиш ҳаққи ва бошқа инсон ҳеч бир динга эътиқод қилмаслиги ҳаққи, қонунчилигимизда бир хил даражада муқаддасдир. Икковининг ҳам эркинлигига чеклов қўйиш мумкин эмас. Бу дегани, диндор ва динсиз одам бир хил равишда ўзи истаган ҳазилларни қила олиши, ёки умуман ҳазиллашмаслик ҳаққига эгадир, ва айнан шу ҳақ қонун томонидан муҳофаза қилиниши керак.

Мақоланинг мана бу қаторларидан энди жуда жиддий ва кескин жумлалар бошланади. Эътиқод эркинлиги фуқарога ҳар қандай нарсани (бу ҳолатимизда ҳар қандай динни) кулги остига олиш ҳуқуқини берадими? Яна омма олдида, яна аҳолисининг қарийб тўртдан уч ярим қисми ўша динга амал қилган давлатда-я? Кечириб қўясиз, лекин бу ўта хатарли иддао. Агар муаллиф давлат бошқарувига келиб қолса борми, ҳолимизга вой бўлади. Мабодо яна шундай фикрлайдиган инсонлар бўлса, яхшилаб тушуниб олайлик. Динни масхара қилиш эътиқод эркинлиги ҳисобланмайди, аксинча оғир ҳуқуқий оқибатларга, хусусан маъмурий, ҳатто жиноий жазога ҳам олиб келиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги Жиноят Кодексининг Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғаш ҳақидаги 156-моддасига кўра, нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, ...фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар ...икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади . Диний қўмита келтирган эътирозда ҳам бундай ҳаракатлар оқибатида дин арбоблари ва юртимиз диндорлари орасида норозилик кайфиятининг келиб чиқишига урғу берилади ва жамиятда ихтилоф чиқмаслигининг олдини олиш учун санъаткорлар орасида тушунтириш ишлари олиб борилиши сўралади. Албатта, бу ишларга батафсил ҳуқуқий баҳо бериш бизнинг вазифамиз эмас, аммо мен муаллифнинг эътиқод эркинлиги ҳар қандай мавзуда аския қилиш ҳуқуқини беради мазмунидаги гапининг нақадар асоссиз эканини кўрсатмоқчиман.

Давом этамиз

Тасаввур қилинг, агар мусулмон бўлмаган ватандошларимиз мусулмон бўлган ватандошларимизнинг ҳақларини қисқартиришни сўрасалар, аксарият мусулмонлар буни адолатсиз деб билишар эди. Ахир виждон эркинлиги қонун билан ҳимояланган-ку? Ҳар бир инсон ўз дини аҳкомларини қилишига ҳақлику дердилар. Агар мусулмон ва диндор ватандошларимиз ўзларининг виждон эркинлигига оид бўлган конституцион ҳуқуқларидан бемалол фойдаланмоқчи бўлсалар, унда бошқа инсонларнинг ҳам худди шундай ҳуқуқларини муҳофазаланишига ҳаракат қилишлари керак бўлади. Яъни, агар диндор ватандошларимиз ўз ҳақларини муҳофаза қилинишини хоҳласалар, диндор бўлмаган ватандошларнинг ҳам ҳақлари муҳофаза қилинишини талаб этишлари даркор. Худди шундай, мусулмон ватандошларимиз, ёки диндор ватандошларимиз, бошқаларни ҳам ўзлари каби мусулмон, ёки ўзлари каби диндор бўлишларини талаб қилишга ҳақлари йўқ. Бундай хатларни мусулмон ватандошлармиз қўллаб қувватлашмаса яхши бўлар эди, чунки бундай хатлар барчамизнинг эркинлигимиз ҳақида. Эркинлик энг олий неъматдир.

Мақолани ўқир эканман, иқтисодчи дўстимизнинг дин аҳкомлари устидан масхара қилиш ҳолатини эътиқод эркинлигига боғлашга уринишда давом этиши мени таажжубга солаверади. Чунки айнан у таъкидлаганидек, эркинликнинг ҳеч қайси бир тури бошқа бир фуқаро ёки жамоалар ёки уларнинг қадр-қимматларини масхара остига олиб камситиш ҳисобига таъминланмайди. Энди мусулмонлар ва бошқалар ҳақида гап кетар экан, ҳеч бир мусулмоннинг ЗўрТВ ёки бошқа ТВда чиқиб, бошқа диндагиларнинг ёки динсизларнинг эътиқод эркинлигига тажовуз қилганлари, уларни масхара қилиб латифалар намойиш этганларига ҳам гувоҳ бўлмаганмиз.

Иқтисодий нуқтаи назардан ҳам бундай хатлар яхши эмас, чунки мамлакатда қонун устувор бўлмаса инсонларнинг ҳаёти сифати ошмайди. Мамлакатда суд ўрганларининг ўрнини босувчи чоралар, суд тизимимзга бўлган ишончни камайтириши ҳам иқтисодий ўсиш учун жуда ёмон омил .

Муаллифнинг бу фикрларига тўлиқ қўшиламан (on this point, we are on the same wavelength, brother!). Аммо фикри ожизимча, бу фикрларнинг ҳам ҳозирги ҳолатга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Хулоса қиладиган бўлсам, мен Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг бу ташаббусини тўла қўллаб-қувватлайман ва фуқароларнинг оммавий ахборот воситалари орқали бошқа фуқароларнинг диний, ирқий ва миллий қадриятлари устидан калака қилишларига мутлақо қаршиман. Мен буни сўз ва ифода эркинлиги деб ҳисобламайман. Аслини олганда мен муаллифнинг мақоласидан хафа эмасман. Чунки таниқли блогер дўстимиз айтганидек, ҳар бир мустақил фикр яшашга ҳақли . Уқувсизроқ одамдан шундай гап чиқса, ўқимаган-да деб эътиборсиз қолдириб кетаверса бўлар. Аммо мен Беҳзод Ҳошимовдек инсоннинг шундай мақола чоп қилганидан чуқур ҳайратга тушдим. Тўғрисини айтсам, мен умрим бино бўлиб бирор марта оммавий ахборот воситалари орқали диний аҳкомларни масхара қилишни сўз эркинлиги деб ҳимоя қилиб чиққан одамни учратмаганман. Аммо юқорида айтдим-ку, янги замонлар бизда шаклланган ҳар қандай стереотипларни барбод қилиб, кўз кўриб қулоқ эшитмаган ҳодисаларни дунё юзига олиб чиқяпти. Ўлмасак, кўраверамиз шекилли

Жавоҳир ИЗЗАТУЛЛОҲ

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!