Дилноза Каттахонова таништирилди: хотин-қизлар йўналишида 5 та устувор вазифа белгиланди

Дилноза Каттахонова таништирилди: хотин-қизлар йўналишида 5 та устувор вазифа белгиланди

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бош вазирнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган Дилноза Каттахоновани жамоатчилик ва соҳа вакилларига таништирди.

19 миллиондан зиёд аёлларимиз — бу улкан куч ва айни пайтда катта масъулият демакдир. Давлат хотин-қизларнинг эҳтиёж ва муаммоларини қанчалик теран англаса, ҳар бир оиланинг фаровонлиги шунчалик барқарор бўлади. Айнан шу сабабли бандликни таъминлаш, хориждаги ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлаш ҳамда зўравонликнинг олдини олиш каби масалалар вақтинчалик чоралар эмас, балки пухта ишлаб чиқилган тизимли ёндашувни талаб этади.

Оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёллар: жазо муддатини ўтаётган, уйи ва фарзандларидан узоқда меҳнат қилаётган хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Улар ёлғизланиб қолмаганларини, давлат уларнинг қисматига бефарқ эмаслигини ҳис қилишлари керак.

Дилнозахон, Сизга бу йўлда оқилалик, қатъият, ишингизга омад ва юртимиздаги ҳар бир аёлнинг ҳаётида акс этадиган улкан натижалар тилайман, — деди Саида Мирзиёева.

⚡️Йиғилишда хотин-қизлар сиёсатининг устувор йўналишлари белгилиниб, янги раҳбар олдига 5 та асосий вазифа қўйилди:

➡️Иқтисодий фаол бўлмаган ҳар бир хотин-қиз билан манзилли ишлашнинг мутлақо янги тизимини яратиш.

➡️Хорижда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ва уларнинг оилалари билан тизимли ишлаш, фарзандлари давлат эътиборида бўлишини таъминлаш.

➡️Оғир ҳаётий вазиятга тушган аёлларни таълим, касб, психологик ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш орқали жамиятга қайтариш.

➡️Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини оладиган, хавфни барвақт аниқлайдиган электрон тизимни жорий этиш.

➡️Оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларни камайтириш, ёшларни никоҳга тайёрлаш ва бепул оилавий психологик хизматларни кенгайтириш.

📌 Бу вазифалар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат ва ҳаёт шароитларини таъминлаш ҳамда жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар