Депутат ташаббуси билан тарбиячилар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди

Депутат ташаббуси билан тарбиячилар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди

Спорт саломатлик гарови эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу боис, Ўзбекистонда спорт билан шуғулланиш оммавий тус олмоқда. Соғлом турмуш тарзига амал қилаётган юртдошларимиз сони кун сайин кўпайиб бораётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки айни қиш бўлишига қарамай, мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида жойларда турли спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

Ана шундай спорт мусобақаларидан бири бугун, 21 январь куни OʼzLiDeP Шаҳрихон туман Кенгаши ҳамда туман мактабгача таълим бўлими ҳамкорлигида «Мактабгача таълим тизими – спорт билан ҳамнафас» шиори остида ўтказилди.

Тумандаги 4-умумтаълим мактабида ўтказилган мусобақада тумандаги 7,8,15,23-давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари 100 метрга югуриш, стол тенниси, волейбол, шашка ва спортнинг бошқа турлари бўйича ўзаро беллашди.

Мусобақада сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати О.Отахонова спорт ҳаёт мазмунига айланган оилада соғлом муҳит ҳукм суришини айтиб, кейинги йилларда юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

— Мазкур мусобақадан кўзланган мақсад – хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, кенг жамоатчилик ўртасида спортни оммалаштириш, — дейди парламент қуйи палатаси депутати О.Отахонова. — Агар спортга ошно хонадонларни кузатсангиз, уларда вақт қадрига етадиган, ёшу кексанинг ҳурматини жойига қўядиган, элу юрт ишига камарбаста ўғил-қизлар вояга етаётганига гувоҳ бўласиз. Шу билан бирга, спорт организмни чиниқтиради, иммунитетни мустаҳкамлайди, иродани тоблайди.

Мусобақа якунида ғолиб жамоаларга ҳамда фаол иштирок этган хотин-қизларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!