Давлат хизматига қабул қилинган тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиб туришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда
📁 Тадбиркор давлат фуқаролик хизматига қабул қилинганидан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартибини белгилаб берувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
🔰Лойиҳада қуйидагилар белгиланмоқда:
🔸 давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг бизнеси мавжудлиги ҳақида ваколатли органларни хабардор қилади ва тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туришнинг шаклларидан бирини танлайди;
🔸 давлат фуқаролик хизматчисига ўзининг меҳнат фаолиятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича мажбурият юклатилади;
🔸 тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш ҳолати Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мониторинг қилиб борилади;
🔸 ўзининг бизнеси мавжудлиги фактини яширганлик ҳолатлари аниқланганда, давлат фуқаролик хизматчисига 10 кун муддат берилади ва хизматчи ушбу муддат ичида тадбиркорлик фаолиятини тўхтатади ёки давлат хизматидаги фаолиятини якунлайди.
🔰 Давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туришнинг қуйидаги шаклларидан бирини танлайди:
🔹агар давлат фуқаролик хизматчиси хусусий корхона мулкдори бўлса, корхонадаги раҳбарлик вазифасини бажариб туришни бошқа жисмоний шахс зиммасига юклаш, яъни корхонани вақтинча бошқарувга бериш бўйича қарор чиқариш;
🔹мол-мулкни ишончли бошқарувга топшириш;
❕Фуқаролик қонунчилигига асосан ишончли бошқариш объектлари корхоналар ва бошқа мол-мулк комплекслари, кўчмас мулкка мансуб бўлган алоҳида объектлар, қимматли қоғозлар, алоҳида ҳуқуқлар ва бошқа мол-мулкдан иборат бўлиши мумкин.
🔹тадбиркорлик фаолияти субъектининг муассислари (иштирокчилари) таркибидан ихтиёрий равишда чиқиш.
✅ Давлат хизматига кирганда ўз бизнесини ишончли бошқарувга бериш амалиёти кўпчилик хорижий давлатларда (Қозоғистон, Грузия, Россия Федерацияси, Канада, Жанубий Корея) йўлга қўйилган.
⚠️ Давлат фуқаролик хизматчиси ўзи ишлайдиган давлат органининг назорат остидаги ташкилот улушларига эгалик қилаётган бўлса, мол-мулкни ишончли (вақтинча) бошқарувга берилишига йўл қўйилмайди. Бундай ҳолларда хизматчи уларни реализация қилиши ёки давлат хизматидан кетиши керак бўлади.