Давлат божхона қўмитасининг илк раҳбари: «Ўзбекистондан ўғирлаб кетилган бойликларнинг саноғи йўқ» (видео)

Давлат божхона қўмитасининг илк раҳбари: «Ўзбекистондан ўғирлаб кетилган бойликларнинг саноғи йўқ» (видео)

ЎзА Давлат божхона қўмитасининг илк раиси, истеъфодаги генерал-майор Ўрайимжон Абдуғаниев билан суҳбат уюштирди. Уни тўлиғича келтириб ўтамиз.

- Ўрайимжон ака! Сиз мустақил Ўзбекистоннинг божхона тизимига асос солган одамлардан бири, Давлат божхона қўмитасининг илк раҳбарисиз. Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги жараёнлар осон кечмагани аниқ. Бугун ўша йиллар хотираларини ёдга олганингизда нималар эсга келади?

- Мустақиллик эълон қилинганига эндигина 26 кун бўлган эди. Ўша кезларда бизда бор-йўғи иккита, яъни Термиздаги ва Тошкент аэропортидаги божхона пости ишларди. 1991 йил 26 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқди. Унга асосан Ички ишлар вазирлиги тизимида – товар-моддий бойликлар олиб чиқиб кетилиши устидан назорат қилиш Давлат инспекцияси тузилди. Бошқарма мақомидаги у инспекциянинг бошлиғи этиб мен тайинландим. Инспекцияга 107 та штат берилди. Мана – Ўзбекистон Республикасининг харитаси. Унинг ҳудуди: ғарбдан шарққача – 1425 км, шимолдан жанубгача эса – 930 км. Ҳудудининг умумий майдони 440,4 минг квадрат километр. Менга Ички ишлар вазирлигидан битта хона ажратишган. Келиб ўтирганим ҳамоно қўлимга Ўзбекистоннинг харитасини олдим. Очиғи, унга қараб ўтирибман-у, кўнглимда қўрқув. Боиси – ана шу улкан ҳудуднинг ҳамма ёғидан олиб чиқилаётган товарларни назорат қилиш осон эмас. Хўш, нима қилиш керак? Қарорда «асоссиз ва ноқонуний олиб чиқилишини назорат қилиш керак», дейилган, холос. Бошқа конкрет бир кўрсатма йўқ. 106 та штат – вакант, фақат бошлиқ ўрнида ўзимман....

У пайтда Ўзбекистонда чегара қўшинлари йўқ эди. Ваҳоланки, мамлакат ҳудудининг учдан бир қисми – чўл, хиёбон ва тоғли жойлар, уларниям бекитиш керак, мамлакатнинг беш томонида бешта мустақил давлат турган бўлса... Хуллас, ўша кезларда Республика бўйлаб 100 дан ортиқ постлар ташкил қилдик. Ундан ташқари ҳар бир вилоятда 2-3 тадан, автомашинада ҳаракатланадиган кўчма постлар очганмиз. Чунки стационар постлар ҳамма нарсани ҳал қилолмасди. Кўчма постлар айланиб юриб, чегараларни назорат қилиб турган. Натижа, менимча ёмон бўлмади. Тўғри, ҳамма масала ҳал бўлди, деб айтолмайман. Лекин Ўзбекистон мустақиллиги мустаҳкамланди, дейишим мумкин.

1991 йил 25 октябрда эса алоҳида божхона қўмитаси ташкил қилинган. Унинг вакиллари асосан шаҳар марказларида жойлашиб, ташқи иқтисодий масалалар, экспорт-импорт операциялари билан шуғулланишди. Лекин 99 фоиз ҳудудда бунақа операциялар амалга ошгани йўқ, уларнинг назорати билан эса – давлат инспксияси шуғулланар эди.

- Божхона масаласида ҳам қўш ҳокимиятчилик бўлган экан-да?..

- Давлат инспекциясининг ташқи иқтисодий алоқалар, экспорт-импорт билан шуғулланиш ваколати бўлмаган. Фақат товар-моддий бойликларнинг ноқонуний ўтишини назорат қилган. Агар товар қонуний олиб чиқилса, худди божхона ходимларидек – декларация қилишга ҳаққи бўлган. Лекин барибир 1992 йил 10 августга бориб, инспекция ва божхона қўмитаси негизида – давлат божхона қўмитаси ташкил этилди. 12 август куни эса Биринчи Президент фармони билан мен унинг раиси бўлдим. Шундан кейин биз мавжуд 39 та аэропорт, 140 магистрал йўллар ва бошқа жойларда 150 дан ортиқ божхона пунктлари очдик. Чегаралар бекитилиши тўлиқ таъминланди.

- Сиз – матбуотга бегона одам эмассиз. Яхши эслайман, телевидение орқали намойиш этилган «Шаҳар бедарвоза эмас» деган кўрсатувга ўзингиз, божхона қўмитаси раиси ўлароқ, бошловчилик ҳам қилгансиз. Ўша йиллар зиддиятлари, қарама-қаршиликлари ҳам эсингизда бордир. Жамоатчилик назаридан панада қолган шов-шувли, катта воқеалар ҳам бўлганми? Мисоллар келтира оласизми?

- Нафақат мисол... Тўғриси, мен учун саволингизга жавоб бериш анчагина мушкул. Чунки биласизми, ўша шов-шувга сабаб бўлган ҳолатлар – давлатнинг у ёки бу лавозимларида ишлаган шахсларнинг яқин кўмаклари воситасида содир қилинган. Миллион-миллион доллар турадиган товар-моддий бойликларни четга чиқариб юбориш ҳолатлари дейсизми, уларга ҳомийлик қилишми, шуларнинг ҳаммасида биздаги айрим раҳбарларнинг қўли бор эди. Ўзлари бош-қош бўлиб турган. Мисолларни, рақамларни келтиришим мумкин. Лекин уларнинг фамилияси, исмини айтгим йўқ. Сабаб – уларнинг кўпи ҳозир ҳам умргузаронлик қилмоқда. Бола-чақалари, невара-эваралари бор, зурриётлари олдида уларни шарманда қилгим йўқ.

Лекин битта нарсани айтаманки, ўша йиллари – у ёки бу давлат идорасига кириб, «Шу ишни нотўғри қилдингиз, товарни ёки пахтани нотўғри равишда четга чиқариб юбордингиз, ҳукумат қарорини буздингиз», десангиз, кўкрагига уриб, уни «тош» қилиб ташлаган. Шунинг учун ҳам, фалсафий нуқтаи назардан гапирганда, уларнинг қалбиям тошга айланиб кетган бўлса керак.

Назаримда, Ўзбекистон давлатининг бой ёки камбағал бўлиши – уларни зиғирча ҳам қизиқтирмаган. Аксинча, шахсий бойлик қизиқтирган, холос. Аслида «Ҳамма гапингиз тўғри», деб туради. Амалда ўша ишларга рухсат бериб юбораверарди. Бу ёғда эса «ватанпарварликдан» фалсафа сўқади... Ҳозир яшаб турган данғиллама уйларини ҳам – ўша йиллари қурган. Нима, давлат берган ойлик ҳисобидан қурганми уларни?..

Менга ёқмаган битта мисолни келтираман. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» негизида «Прогресс» деган Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси тузилган эди. Низом жамғармаси атиги 128 рубль эди. Лекин ўша корхона бир ярим-икки йил ичида 44 тоннадан кўпроқ дизел ёқилғиси ҳамда бензинни Ўзбекистондан «реекспорт» қилиб, Венгрияга, Афғонистонга сотиб юборган. Ўзи бензинни биз импорт қилиб, четдан олиб келамиз. Бу фирмага ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги лицензияни – углеводород хом ашёси олиб кириб, қайта ишлаш ва Ўзбекистонда сотиш учун берган.

«UMI» деган яна бир қўшма корхона бор эди. Уям ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида рўйхатдан ўтган. Унинг (Ўзбекистондан экспорт қилаётган) кабеллари таркибида (тоннасига) 5 граммгача тилла, 80 граммга қадар кумуш аниқланди. Аслида кабел таркибида бир грамм ҳам тилла бўлмаслиги, адашмасам, 25-30 гр кумуш бўлиши мумкин, холос. Биз буни аниқлаб, экспертиза қилганимизда, ўта кўп миқдорда (ноқонуний) тилла ва кумуш чиққан.

Айнан мана шу корхона 8 та контракт бўйича давлатга уч-уч ярим миллион доллар миқдорида зарар келтирган. Бу ҳалиям бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра...

- Яъни менинг тушунишим бўйича, улар четга – мис кабел ўрнига тилла ва кумушни қориштириб, ўтказиб юборишган, шундайми?

- Шундай. Тасаввур қилинг-да, симни эрицангиз, барибир (тилла бўлади). Уларга кабел эмас, тилла ва кумушлар керак бўлган, холос.

Ўшанда бир-иккита одамларни ҳимоя қилиш ё бўлмасам, четга товар олиб ўтишда «ўртакашлик» қилиш, мансабдор шахслар билан «келишиш» учун «кўча»да бир эмас, бир неча «обрўманда»лар (яъни «авторитетлар») пайдо бўлган. Мақсади – божхона ходимларига таъсир ўтказиш, қўрқитиш бўлган.

- Бу ишларга «тепа»дан, яъни раҳбариятдан ҳам аралашишлар бўлганми?

- Биласизми, бу – алоҳида мавзу. Кейинчалик қайтармиз...

- Нега энди, шунча тиллани Ўзбекистондан олиб чиқишаяпти-ю, уни раҳбариятдан ҳеч ким билмаслиги – ақлга сиғмайди-ку?..

- Менимча, кейинчалик билишган. 1994 йилдан кейин қандайдир чоралар ҳам кўришган. Бу – жудаям узун мавзу...

Мана, пахта бўйича ҳам мисоллар келтираман: 771 миллион рубллик пахта ушлаб қолиниб, мусодара қилинган. (Ўзаро) тил бириктириш бўлган-да – Ўрта Осиё темир йўли раҳбарлари билан, бошқаси билан. Бизнинг божхона ходимлари Ўртаовул темир йўл станциясида 1534 тонна пахтанинг вагонда тургани ҳақидаги фактни аниқлашган. Юк кўп турганидан шу аҳволгача етганки, ўтлар ўсиб, ҳатто вагон ичига ҳам кириб кетган. Нимага туриб қолган, деган савол туғилади. Чунки пахтани чет элга опчиқиб сотиш режаси амалга ошмай қолган. Ўша йиллари темир йўл божхонасида жуда инсофли, виждонли йигитлар ишларди. Бу – «Ливентул» деган бирлашманинг найранглари эди. Шу воқеадан сўнг қизиқиб қолиб, яна суриштирув олиб борсак, Сергели станциясида ҳам 33 та вагонда 1650 тонна пахта ойлаб ушлаб турилган. Униси «ВИTA» деган қўшма корхонаники экан...

Биласизми, фақат ўғринча пахталар эмас, ундан даҳшатлироқ воқеалар ҳам бор эди. Дейлик, бартер (яъни маҳсулот айирбошлаш – таҳр.) операциялари бўйича. 1992 йил ҳолати бўйича ўрганганимизда, Ўзбекистондаги ташкилотлар 1 миллиард 900 миллион рубль зарар кўрган. Яъни шунча пуллик маҳсулот биздан чиқариб юборилган, лекин ўрнига ҳеч нарса олиб кирилмаган.

Асосан жуда катта пулимиз Россияда қолиб кетган. Пахтанинг ўрнига – ароқ, сигарет кириб келган. Тасаввур қилаяпсизми, Ўзбекистоннинг стратегик хом ашёси ўрнига бу. Рангли металлар олиб чиқилган...

- Қаршиликлар бўлмаганми? Сиз ўшанда қатъий чоралар қўрмаганмисиз?

- «Қаршилик» дегани – оддий бир сўз. Шундай қаршиликлар бўлганки... У нарса менга кечаси-ю кундузи бўларди. Ҳаттоки божхона ходимлари ҳалоқ бўлган ҳолатлар ҳам бор.

Мен «Ҳаёт ҳақиқатлари» деган китоб ёзиб тугатаяпман. Менга бўлган катта-катта қаршиликлар ҳақида, Сиз айтган масалалар тўғрисида – ўша китобда батафсил тўхталганман.

- Жилла қурса, бир учини чиқармайсизми?

- Йўқ, олдиндан «ноғора чалиш»ни истамайман. Сабаби – бу ерда мен ишга қабул қилган 2 мингдан ортиқ божхона ходимларининг тақдири ётибди. Энг юқори лавозимларда ишлаган айрим раҳбарлар устида ҳам қаттиқ гаплар бор у китобда.

Ўшанда Республика миқёсида мен эгаллаган мавқе, лавозим – улар эгаллаган лавозимдан пастроқ бўлган. Айрим масалалар бўйича у ноисоф, азалдан бойлик нелигини кўрмаган «манқурт»ларга кучим етмаган...

- Кўнглингизга олманг-у, ишлаган йилларингизда сизни орқаваротдан «Ураган» деб аташарди. «Тўфон», «бўрон» маъноларини берадиган сўз аслида у. Бу – табиатингиздаги кескинлик, қатъият намоён бўлганиданми ва ёхуд ички ишлар тизимида, конфликт кўп бўлган жойларда ишлаганингиз боис мажбур бўлганмисиз «Ураган» аталишга?

(Кулади) Бу номни ўзимга ўзим қўйганим йўқ. Ҳозир ҳам вилоятларнинг қайси чегарасига борсам, эски ишлаган одамлар келиб, исмим қолиб, «Ана, «Ураган» кепти» дейишади. Бундай қараганда, шу ном менга ёқади. Балки ўта қаттиққўллигим, талабчанлигим, давлат манфаати тақозо қилса, йўлда учраган ҳар қандай ноқонуний, асоссиз ҳолатларни ўз пайтида тозалаганим боис шу «ном»га сазовор бўлгандирман. 1991-93 йилларда 400 дан ортиқ жиноий ишлар қўзғатганмиз: жуда кўп одамлар жиноий, 25-30 мингга яқин шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Улар барибир аламзада-ку...

- Самарқанд вилоятида ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ҳам ишлагансиз. Сиз – божхона қўмитаси раиси, вазир даражасидаги одамни нега кейинчалик вилоят даражасидаги раҳбар қилиб юборишган?

- Чунки 1994 йил Давлат божхона қўмитасини йўқ қилишиб, Давлат солиқ қўмитаси таркибига – божхона бошқармаси сифатида қўшиб юборишди. Ўшанда Республика раҳбарияти мени чақириб, Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи қилиб тайинлади...

- У ерда эшитганим бор эдики, Сиз оддий кийим-бош билан, халқ орасида ўзингизни танитмай юргансиз. Ички ишлар ходимлари эса, «қилғиликни қилиб қўйиб», иннайкейин ўз бошлиғи, яъни генерални таниб қолишган экан. Шу гаплар ростми?

- Бу бор гап. Мамлакат Биринчи Президентининг – ўша пайтлардаги «Давлат автомобиль инспекцияси» дея аталган бўлинма (яъни ГAИ) ҳамда Сиёб бозори бўйича ўта қаттиқ топшириғи бўлган. Шу иккита йўналишда ишлаш оғир кечганди.

Самарқанд шаҳридаги ГAИ ишини ҳақиқатан ўрганиш учун ўзим рулда юриб, ходимлар билан «муомала қилиб», ўша қилмишларига амин бўлиб, кейин уларни тарбиялаш билан шуғулланганман. Сиёб деҳқон бозоридаги милиция ходимлари билан «танишув»да ҳам оддий кийимда, «картошка-пиёз сотувчиси» ролида бўлганман. 

Чунки ҳолатни яқиндан билиш керак эди. Асл ҳақиқатни ич-ичидан билмасанг, нотўғри қарор қабул қилиб қўйиш ҳеч гапмас. Бу эса – халқнинг ғазабига сабаб бўлиши мумкин. «Мен ички ишлар бошқармаси бошлиғиман», дея ҳамма ерни ағдар-тўнтар қилсам, кейин нима бўларди. Мен нимаики иш қилмайин, олдин унинг илдизигача етиб, шундан кейингина бирор чора кўрганман...

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!