“Давлат божи ким томонидан ундирилиши керак?”

“Давлат божи ким томонидан ундирилиши керак?”

— 2019 йилнинг августида Когон шаҳар ҳокимияти томонидан ўғлимга аквапарк қуриш учун 1,87 га ер ажратилсин, деб қарор чиқарилди. Ўғлим бор маблағани сарфлади. Шу орада ўғлим аквапарк лойиҳасини буюртиргани ва бу учун 80 млн. сўм пул тўлаши кераклигини айтиб, мендан ёрдам сўради. Бир хонали квартирамни сотиб, лойиҳа учун пул бердим. Ўғлим банкка кредит сўраб мурожаат ҳам қилди, улар томонидан сўралган ҳужжатларни йиғиб бошлаганида ўғлимга ажратилган ер майдони 2014 йилда ҳокимият ўахирасидан чиқарилиб, маданият вазирлигига берилгани юзага чиқди. Ер маданият вазирлигига берилгани ҳақидаги қарор ва кадастр ҳужжатларини кўрсатишди. Бугунги кунда ўғлим қилган сарф-харажатларини қайтариб олиш учун судга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Бироқ давлат божини аввалдан тўлаш кераклигини айтишди. Шу талаб тўғрими ва давлат божи ким томонидан ундирилиши керак?
Н.Ш., Бухоро вилояти

Мурожаатга Тошкент туманлараро маъмурий суди раис ўринбосари Олимжон ШАМСИЕВ жавоб берди:
— Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 185-моддасига асосан манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли:
- унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган;
- унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган;
- унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаган;
- унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.

“Давлат божи тоғрисида”ги қонунга кўра, маъмурий судларга бериладиган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалар (шикоятлар) бўйича фуқаролардан БҲМнинг 1 баравари (бугунги кунда 270.000 сўм), юридик шахслар ва ЯТТлардан БҲМнинг 10 баравари (бугунги кунда 2.700.000 сўм) миқдорида давлат божи тўланади.

“Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси талабига кўра, фуқароларнинг давлат божини бўлиб-бўлиб ёки кечиктириб тўлаш имконияти белгиланган. Шунингдек, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 134-моддасига кўра, судья аризани (шикоятни) ва унга илова қилинган ҳужжатларни, агар давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса қайтаради.

Кодекснинг 115-моддасига кўра, ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафга иш бўйича қилинган барча суд харажатларининг ўрни, гарчи бошқа тараф давлат божини тўлашдан озод этилган бўлса ҳам ушбу бошқа тараф ҳисобидан қопланади.

Фуқаро ҳоким қароридан норози бўлган тақдирда юқорида кўрсатилган қонун нормаларига мувофиқ маъмурий судга, ҳокимият томонидан етказилган моддий зарарни ундириш масаласида эса жавобгар жойлашган ердаги фуқаролик судига тегишли даъво ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Фуқаролик судига мурожаат қилганда давлат божи Давлат божи тўғрисидаги қонуннинг Давлат божи ставкаларининг миқдори ҳақидаги иловасининг 1-банди “а” кичик банди талабига мувофиқ даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида, бироқ БХМнинг 1 бараваридан кам миқдорда тўлаши лозим бўлади.
Шунингдек, давлат божини судга мурожаат қилишда олдиндан тўлаш имкони бўлмаса, фуқаро ФПКнинг 133-моддасига асосан судга давлат божи тўлашни кечиктириш ёки унинг миқдорини камайтириш масаласида судга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!