Даҳшат! Хоразмлик эркак опасининг ўғлини ваҳшийларча ўлдирди. Нега?

Даҳшат! Хоразмлик эркак опасининг ўғлини ваҳшийларча ўлдирди. Нега?

2019 йил 13 май куни жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди биносида, раислик қилувчи судья С.Тоганов, халқ маслаҳатчилари Ш.Матюсупов ва К.Полвановадан иборат таркибда ўтказилган суд мажлисида ҳаётга қарши жиноятлар туркумига кирувчи, ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш жиноятини содир этган О.О (исми ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди Aniq.uz га хабар берди.

1987 йилда Хоразм вилоятининг Хазорасп туманида туғилган О.О 2019 йил 21 январь куни соат 16 ларда уйига меҳмон бўлиб келган опаси Ш.Онинг ўғли, 2014 йил 4 ноябрда туғилган А.Шни ётоқхонасига кирганидан жаҳли чиқиб, унинг оёғи ва танасидан кўтариб олиб, бошини ва танасини ётоқхона деворига бир неча маротаба ургани оқибатида вояга етмаган Ш.А олган тан-жароҳатларидан шу куни шифохонада вафот этган.

Тергов ҳаракатлари давомида судланувчи О.О бир неча бор Хоразм вилояти руҳий-асаб касалликлари диспансерида даволаниб чиққанлиги ва параноид-шизофрения ташхиси билан ҳисобда туриши, стационер тартибда ўтказилган суд-психиатрия экспертизасининг хулосасига кўра, О.О юқорида қайд этилган ижтимоий ҳавфли қилмишни содир этган пайтда параноид кўринишидаги шизофрения касаллиги сабабли ўзи содир этган ҳаракатларга баҳо бера олмайдиган ва ўзини ўзи бошқара олмайдиган ҳолатда бўлганлиги, шу муносабат билан у кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволашга муҳтож эканлиги кўрсатилган.

Суд, экспертиза хулосаларини инобатга олиб, судланувчи О.О ижтимоий ҳавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган деб топиб, унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўллаш ва уни Тошкент Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштириш тўғрисида ажрим қабул қилди.

Суд ҳайъати судланувчи О.О муқаддам бир неча марта Хоразм вилояти руҳий-асаб касалликлари диспансерида даволаниб, параноид-шизофрения ташхиси билан ҳисобда турган бўлсада, у яшаб келган ҳудуднинг профилактика инспектори, участка шифокори ва бошқа масъул шахслар ўзаро ҳамкорлик ўрнатмасдан, руҳий касал бўлган О.О томонидан ижтимоий ҳавфли қилмиш содир қилиниш эҳтимоли юқори эканлигига эътибор қаратмасдан, О.Они тиббий кўрикдан ўтказиш ва керакли тадбирларни амалга ошириш масаласига юзаки ёндашиб, сусткашликка йўл қўйганлигини ҳисобга олиб, келгусида юқорида қайд қилинган жиноят содир этилишини олдини олиш, мутасадди раҳбарлар ва ходимларнинг масъулиятини ошириш мақсадида Ҳазорасп тумани тиббиёт бирлашмаси ва Ҳазорасп туман ИИБ раҳбариятига нисбатан хусусий ажрим чиқариб муносабат билдирди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!